Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбойдаги МЧЖда ҳисобланган, лекин тўланмаган 52 миллион сўм ишчи-ходимларга ундириб берилди

Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас.

Ҳақ тўланадиган кун дам олиш куни ёки байрам кунига тўғри келиб қолса, меҳнат ҳақи шу кун арафасида тўланади.

Меҳнат кодексининг 161-моддасида меҳнатга ҳақ тўлаш шу каби муддатлари аниқ ва равшан белгилаб қўйилган.

Жомбой тумани адлия бўлими томонидан тумандаги “Жомбой-Агросервис МТП” масъулияти чекланган жамиятда ушбу модда талабларига риоя этилиши ҳолати мониторинг асосида ўрганилди.

Мониторинг давомида масъулияти чекланган жамият томонидан 13 нафар ишчи-ходимларга ҳисобланган 52 миллион 604 минг 124 сўм иш ҳақлари муддатида тўлаб берилмаганлиги аниқланди.

Ушбу ишчи-ходимлар манфаатини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судига ариза киритилди. Суднинг 2020 йил 15 майдаги буйруқларига асосан ҳисобланган, лекин тўлаб берилмаган 52 миллион сўмдан кўпроқ иш ҳақлари ундириб берилди.

Абдуғани ИСРОИЛОВ.

Жомбой тумани адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.