Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Журналистга таҳдид қилган ҳоким ўринбосари ишдан олинди

Kun.uz нашри ходимларига таҳдид қилган Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов лавозимидан озод этилди.

Аввал хабар берилганидек, 14 август куни Kun.uz мухбири «Хива строй» МЧЖ мурожаатини ўрганиш мақсадида Олмазор туманига ташриф буюрган. Учрашув вақтида Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов уни видеога олмасликни талаб қилиб, операторга ташланган. Бунинг оқибатида Абдурасул Ваҳобов оператор штативини синдириб юборган.

Шу кунларда Тошкент шаҳар прокуратураси Олмазор тумани ҳокими ўринбосарига нисбатан жиноят иши қўзғатишдан бош тортгани маълум бўлди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар прокурори томонидан ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими номига тақдимнома киритилган. Тақдимноманинг кўриб чиқилиши натижасига кўра, Ваҳобов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган. Бош прокуратура шаҳар прокуратурасига ишни қайтадан кўриб чиқиш бўйича топшириқ берган.

АОКА раҳбари Комил Алламжонов ушбу хабарга изоҳ берар экан, агентлик ҳар бир блогер ва журналист ҳуқуқларини ҳимоя қилишини қайд этиб ўтган.