Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Журналистлар Ургутнинг бугунги иқтисодий имкониятлари билан танишди

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан журналистлар учун бу галги пресс-тур Ургут туманида ташкил этилди.

Тадбир туманнинг тоғ этакларида жойлашган хушманзара табиати, мусаффо ҳавоси, тадбиркор ва саховатли аҳолиси билан ажралиб турадиган Ғавсул Аъзам қадамжосини зиёрат қилишдан бошланди.

Оммавий ахборот воситалари вакилларига зиёратгоҳ ва унинг атрофида амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари хусусида маълумотлар берилди.

Туманнинг Сариқтепа ҳудудида ташкил этилган Ургут эркин иқтисодий зонасига уюштирилган саёҳатда журналистлар йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишди. Хусусан, уларга электр печ ва газ плиталари ишлаб чиқарилаётган ''Самэлектросервис'' МЧЖ фаолияти ҳақида маълумот берилди. Корхонада бир кунда 500 дона печ ва 250 дона газ плиталари тайёрланмоқда. Аҳамиятлиси,  бу ерда 165 нафар ургутлик ёшлар иш билан банд.

Ҳудуддаги яна бир йирик корхона “YEC” гилам тўқиш фабрикаси ҳам тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортди. 20 миллион доллар маблағ эвазига ташкил этиган мазкур корхонада Европадан келтирилган ускуналар ёрдамида маҳсулот тайёрланмоқда. Корхона дунёнинг 10 га яқин мамлакатига маҳсулот экспорт қилади. Масканда ҳозирда 50 нафар ишчи фаолият юритаётган бўлса, йил охиригача уларнинг сонини 200 нафардан ошириш кўзда тутилган.

- Ускуналарни ўрнатиш ишларини давом эттиряпмиз, - дейди белгиялик мутахассис Жуст Ванден Броуке. - Янги русумдаги гилам тўқиш ускуналарини бир ҳафта ичида тўлиқ ишга туширамиз. Бу ускуналарда кам сонли ишчи билан кўп ишларни бажариш мумкин. Ўзбекистонда тадбиркорлик қилиш учун кенг имкониятлар яратилган. Фақат улардан самарали фойдаланиш керак, холос.

Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари яқинда эркин иқтисодий зонада ташкил этилган, 5 турдаги тиш чўткалари ишлаб чиқараётган корхона фаолиятини ҳам кузатди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.