Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Карантин даврида боғча ёшидаги ва бошланғич синфда ўқийдиган фарзандлари бор ота-оналарга меҳнат таътили қай тартибда берилади?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 28 мартда рўйхатдан ўтказилган “Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилганда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан иш ҳақи сақланган ҳолда меҳнат таътили карантин даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилган даврда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчиси, яъни 1-синфдан 4-синфгача бўлган ўқувчининг ота-она (улар ўрнини босувчи шахс, васий, ҳомий)сига берилади.

Ушбу Низомга мувофиқ карантин даврида меҳнат таътили ходимнинг хоҳишига кўра, ташкилот томонидан тасдиқланган таътиллар жадвалидан қатъи назар берилади. Бунда, ходимга биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин таътил беришга оид талаб татбиқ қилинмайди.

Агар ходим карантин даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилишидан олдин меҳнат таътилини олган бўлса ёки карантин даврида меҳнат таътилини олишни хоҳламаса, иш берувчи ходимнинг хоҳишига кўра, ходимни масофавий иш усули, мослашувчан иш графиги ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиши ёки ходимга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериши мумкин.

Таъкидлаш керакки, ушбу қоида фақатгина фарзандлари мактабгача таълим ташкилотига қатнайдиган ёки бошланғич синфда ўқийдиган фарзандлари бор ота-оналарга нисабатан татбиқ этилади.

Аксарият аҳоли ушбу қоида барча ходимлар учун мўлжалланган, деб тушунгани учун турли фикр-эътирозлар келиб чиқмоқда.

Ориф МУҲАММАДИЕВ,

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими.