Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Карантин даврида коммунал хизматлар бўйича қарздорликни қандай билиш мумкин?

Ўзбекистонда карантин даврида коммунал хизматлар бўйича қарздорликни кўриш ва ҳисоблагичлар кўрсаткичларини Мажбурий ижро бюроси идораларига жўнатишга имкон берувчи Telegrambot ишга туширилди.

Telegram‘даги @mibuzbot боти орқали фуқаролар фойдаланилган коммунал хизматлар бўйича қарздорлигини кўриши ва ҳисоблагич кўрсаткичларини фотосуратга олиб, ушбу ботга жўнатиши мумкин.

Бюро давлат инспекторлари абонентлар томонидан юборилган суратларни қабул қилиб, кўрсаткичларни тасдиқлайди ва уларнинг махсус базага киритилишини таъминлайди.

Шунингдек, Мажбурий ижро бюросининг «www.mib.uz» расмий сайтидаги «Коммунал хизматлардан қарздорликни аниқлаш» бўлимида охирги кўрсаткичларни жўнатиш имкони мавжуд.

Фуқароларда коммунал хизматлар ёки ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик юзага келса, уни Payme, Paynet, Click, UPay ва бошқа мобил тўлов тизимлари ёрдамида тўлаб бориши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ичимлик, оқава, иссиқ сув таъминоти корхоналари томонидан кўрсатилаётган хизматларга карантин даврида тўловлар учун жарималар ва пенялар жорий этилмаслиги ҳамда қарздор истеъмолчилар бўйича судларга даъво аризалари киритилмаслиги, истеъмолчилар сув ва канализация тармоқларидан узилмаслиги маълум қилинган эди.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.