Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Карантин даврида талабаларга белгиланган тартибда стипендия тўлаб берилади

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, стипендияларнинг фақатгина тўлов турида ўзгариш бўлади, яъни нақд пул кўринишида олаётганларга стипендия пули талабанинг пластик картасига тушириб берилади.

Республикадаги барча ОТМларда талабаларга жорий йил март ойи учун стипендиялар тўлаб берилган. Шу билан бирга тўлов-контракт пулини тўламаганлиги, академик қарздорлиги, тегишли буйруқ расмийлаштирилмаганлиги ёки банк пластик картаси берилмаганлиги учун стипендия тўлашда кечикишларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Аксарият ҳолларда талабалар томонидан тўлов-шартнома шартларининг кеч бажарилгани стипендия тайинлаш ва банк пластик караталарини очишнинг кечикишига асосий сабаб бўлган.

Ҳозирда вазирлик томонидан республика миқёсида стипендия тўланмаган талабалар ҳақида маълумот умумлаштирилмоқда. Уларга:

- нақд пул кўринишида тўланмай қолган стипендиялар талабанинг доимий яшаш жойига почта орқали юборилади ёки туманлардаги банк филиаллари орқали рўйхат асосида тарқатилади;

- банк пластик карталари орқали тўланади, пластик карталар очилмаган талабаларга янги карталар очилиб, банк муассасасининг ҳудудий бўлими орқали етказилади.

Шунингдек, барча талабаларга таълим шакли ва ўзлари танлаган тўлов туридан келиб чиқиб, белгиланган тартибда стипендиялар тўлиқ тўлаб борилади.