Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Карантин сабаб ишсиз ёшлар сони 3 баробарга кўпайиши мумкин

Тошкент шаҳар ҳокимлигида ҳокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари мажмуасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Унда коронавирус пандемияси даврида ижтимоий соҳада амалга ошириладиган ишлар муҳокама этилди.

Жумладан, барча мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим муассалари, спорт ва мусиқа мактабларида такрорий, яъни иккинчи маротаба дезинфекция тадбирларини ўтказиш ва тўлиқ тугатиш билан боғлиқ ташкилий масалалар кўриб чиқилиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Биласиз, карантин даврида таълим жараёнида узилиш бўлмаслиги учун барча таълим муассасаларининг педагоглари ўқувчиларни онлайн ўқитмоқда.

Шунингдек, дарслар телевидениенинг 3 та канали орқали мунтазам бериб борилмоқда ва бунга Тошкент шаҳридан 188 нафар ўқитувчилар, 50 нафар спортчилар, 100 нафар мактабгача таълим муассасалари педагоглари жалб этилган бўлиб, йиғилишда улар Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан рағбатлантирилиши маълум қилинди.

Шу билан бирга, карантин тугаши билан пойтахтимиздаги боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олишни 93 фоиздан 100 фоизга кўтариш ҳамда 6 ёшли болаларни (100 фоиз) мактабга тайёрлаш тизимини жорий қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та муҳим ташаббуси ижросини таъминлаш ва шу орқали истеъдодли, изланувчан ёшларни рағбатлантириш мақсадида яқин орада онлайн танловлар платформаси ҳам ишга туширилади.

Карантин сабаб, бу муддат ўтганидан сўнг ишсиз ёшлар сони 3 баробарга кўпайиши прогноз қилинмоқда.

Шу сабаб ҳозирда шаҳар ва туман ҳокимликлари мутасаддилари бошқа қатор соҳалар раҳабарлари билан биргаликда уларни IT йўналишидаги тадбиркорликка жалб этиш, кўникмаларини ривожлантириш, секторлар билан юзага келувчи муаммолар ечими устида ишлаётганликлари ҳам айтиб ўтилди.