Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғон шаҳри ва тумани Давлат хизматлари марказлари янги бинога эга бўлди

Айни дамда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича мамлакатимиз миқёсида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, халқимиз саломатлиги ва фаровон турмушини таъминлашга устувор мақсадлардан бири сифатида қаралмоқда.

Буни Каттақўрғон шаҳри ва тумани мисолида кўриш мумкин. Бу икки ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Давлат хизматлари марказларининг янги биноси қурилиб фойдаланишга топширилди.

– Каттақўрғон тумани Давлат хизматлари маркази илгари кичик бинода жойлашган, хоналари ва фуқаролар кутиш зали ҳам бироз тор эди, – дейди марказ директори Бектош Рустамов. – Бу эса мижозларга хизмат кўрсатишда марказ ходимларига ҳам айрим ноқулайликлар келтирарди. Замон андазаларига мос ва барча электрон техник воситалари билан таъминланган ушбу бинода эндиликда халқимиз учун хизматни муносиб шароитларда давом эттирамиз.

Марказнинг янги биносида барча қулайликлар - нотариус ва Бош вазирнинг тадбиркорлар қабулхонаси, инвесторлар, тиббиёт хоналари ҳамда болалар майдончаси мавжуд. Электрон навбат тизими жорий этилган ва Халқ банки кассаси ҳам жойлаштирилган.

 Марказ бир вақтнинг ўзида 24 та қабул ойнасида мурожаатчиларга хизмат кўрсата олади. Замон андазаларига мос равишда жиҳозланган бинода 10 та мониторда 130 дан ортиқ давлат хизмати турлари юзасидан маълумотлар фуқароларга тақдим этилган.

– Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида туман Давлат хизматлари марказига келган эдим, – дейди тадбиркор Шерзод Очилов. - Марказ ходимлари томонидан беш дақиқа ичида фаолиятим давлат рўйхатидан ўтказилди. Муҳими, ташриф буюраётган фуқароларнинг карантин тартиб-қоидалар асосида марказга киритилиши қатъий назоратга олинган. Зарурий антисептик воситалар асосида таъминланган марказда мижозларга масофа сақланган ҳолда хизматлар кўрсатилмоқда.

Каттақўрғон шаҳар Давлат хизматлари маркази ҳам янги, барча қулайликларга эга бинога кўчирилди.

Ушбу масканда ҳам давлат хизматларидан фойдаланиш учун ташриф буюрган фуқароларнинг нафақат тезкор ва сифатли хизмат олишлари, балки марказ ходимларининг муомала маданиятини ҳам баҳолаш имкониятига эга. Марказ операторлари махсус ускуналар – рақамли имзо планшетлари билан таъминланган.

Бинонинг кириш қисмида хизматлар ҳақида тўлиқ маълумот берувчи INFOLAND ўрнатилган бўлиб, унда Давлат хизматлари маркази томонидан кўрсатиладиган хизмат номлари ва уларнинг QR-кодлари жойлаштирилган. Мобил телефонда QR-кодни сканер қилиш ҳамда илова орқали ушбу хизмат ҳақида тўлиқ маълумот олиш имконияти мавжуд.