Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғонлик архитектор ва кадастрчилар нега жарима тўлаши керак?

Давлатимиз раҳбари Президентлик вазифасига киришиши билан қатъий интизом ва тартибга риоя қилишни талаб қилмоқда. Аммо айрим ҳолларда бунга совуққонлик билан қараётганлар ҳам афсуски, учраб турибди. Каттақўрғон тумани архитектура ва қурилиш бўлими ҳамда туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими масъуллари ана шундайлардан экан.

Негаки, улар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги ПФ–5421-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори мазмун-моҳиятини яхши тушунишган. Унда белгиланган талаб ва қоидалардан хабардор бўлишган ва уни айнан ўзлари бузишган.

Мисол учун, С.Умаров ўз уй-жойига мулк ҳуқуқини олиш мақсадида Каттақўрғон тумани давлат хизматлари марказига ариза билан мурожаат қилади. Мурожаат комиссия ишчи органи, кўчмас мулк ва давлат кадастри филиалида автоматлаштирилган ахборот тизими орқали комиссия аъзоси - туман архитектура ва қурилиш бўлимига 2019 йил 3 апрель куни келиб тушган.

Буюртма ижрочи томонидан ўрганиб чиқилиб, Низомда белгиланган муддат бузилиб, 7 (етти) кундан сўнг фуқаронинг уй-жойи амалдаги қурилиш меъёрий қоидалари талабларига мувофиқ эмаслиги ҳақида хулосага келади. Афсуски, қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқилмаган буюртма биргина бу эмас экан. Аниқланишича, архитекторлар 490 нафар фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда муддатга риоя қилишмаган.

Шунингдек, комиссия аъзоси - туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан берилган 869 та салбий хулосаларнинг 153 тасида Низомда белгиланган муддатлар бузилиб, ижроси таъминланганлиги ҳолатлари мавжуд.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, вазифасига нисбатан совуққонлик қилганлар жаримага тортилди.

Ўткир ҲАКИМОВ,

Каттақўрғон тумани адлия бўлими бошлиғи, 1-даражали юрист.