Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғонлик фуқаро қизига туғилганлик ҳақида гувоҳнома ололмади

У қизи уйда туғилганлигини, отаси қизалоқ туғилмасидан аввал ташлаб кетганлигини билдирган.

Мурожаат асосида Каттақўрғон тумани адлия бўлими 1968 йилда Каттақўрғон туманида туғилган Дилдора Ҳусаинова (исм ва фамилияси ўзгартирилган) манфаатида туғилганлик фактини белгилашни сўраб, судга даво киритган.

Маълум қилинишича, Д.Ҳусаинова ёшлигида бир йигит билан турмуш қуриб, қонуний никоҳдан ўтмасдан бирга яшаган. Кейинчалик йигит ташлаб кетган ва у 1993 йилда қизли бўлган.

Д.Ҳусаинова фарзанди уй шароитида туғилганини, етишмовчилик сабабли ўша вақтда туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ололмаганлигини, ҳозирги пайтда қизи мактабни ва коллежни ҳам тугатганлигини, фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишлиги зарурлигини билдирган.

Маълум бўлишича, Д.Ҳусаинова Каттақўрғон тумани ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилганида у ердан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожат қилиш мумкинлиги тушунтирилган.

Даъво аризасига Каттақўрғон тумани “Зарафшон” қишлоқ врачлик пункти мудираси ва Каттақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси мутахассиси ва Каттакўрпа маҳалласи раиси ҳамда гувоҳлар томонидан тузилган далолатнома илова қилинган.

Каттақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасининг тиббий маълумотномасида фуқаро Д.Ҳусаинова томонидан фарзанди уй шароитида, 1993 йил 7 мартда иккинчи ҳомиладорлик, иккинчи туғруқ, иккинчи бола сифатида туғилганлиги қайд этилган.

Мактабдан берилган шаҳодатномада боланинг туғилган куни 1993 йил 10 март эканлиги ва туғилган жойи Туркманистон Республикаси, Асфанский вилоят, Чоржуй шаҳри эканлиги қайд этилган.

Мактаб маъмурияти томонидан тузилган далолатномага кўра, Н.Ҳусаинованинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси бўлган ва у тумандаги хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежига топширилган.

Мазкур ҳолатлардан сўнг “Зарафшон” қишлоқ врачлик пункти мудири ва туман тиббиёт бирлашмаси мутахассиси ўз кўрсатмаларини ўзгартириб, маълумотномалар тегишли гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосан асоссиз тўлдирилганлигини, қилган ишидан пушаймонлигини ва ушбу маълумотларни суд томонидан ҳужжат сифатида қабул қилмасликни сўраган.

Суд “Зарафшон” ҚВП мудири, туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Каттакўрпа маҳалласи раисининг хатти-ҳаракатларига тегишлича баҳо бериб, расмий ҳужжатларга сохта маълумот ва ёзувлар киритиши, ҳужжатларни қалбакилаштириши ёки билиб туриб, сохта ҳужжатлар тузиши ва тақдим этиши оқибатида давлат манфаатларига жиддий зарар етказилиши, асоссиз ва ёлғон маълумотлар асосида расмийлаштирилганлик ҳолатларига қонуний баҳо бериш мақсадида хусусий ажрим чиқарган. Иш терговга оширилган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан Каттақўрғон тумани адлия бўлимининг фуқаро Д.Ҳусаинова манфаатида уй шароитида туғилган фактини белгилаш ҳақидаги даъво аризаси ўз исботини топмаганлиги ва фуқаронинг мурожаатлари асоссиз эканлиги сабабли даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.

Камол НАМАЗОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди раиси.