Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғонлик фуқаронинг токзори самарасизлиги, ҳисобрақам очмагани, ўзбошимчалик билан чорва молларини боқишда фойдалангани учун олинган

Яқинда ижтимоий тармоқларда “Мен – Ҳадича Умарова, Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани, Ёви маҳалласи, Шўр қишлоғида яшайман. Жорий йил 13 март куни Каттақўрғон тумани ҳокими хусусий мулкимни тортиб олди. Ваҳоланки, ҳокимнинг қўлида хусусий мулкимнинг қарори ва кадастр ҳужжатлари бор эди. Шунга қарамай, солиқ тўламагансиз, деган баҳона билан мулкимни олиб қўйди. Аслида, 2019 йил ҳисобидан ҳеч қандай қарзим йўқ” мазмунида ҳақиқатдан йироқ маълумотлар эълон қилинди.

Шундай бўлса-да, ушбу масала кўриб чиқилди ва қуйидагилар аниқланди. Аслида бундай ёлғон маълумотларнинг тарқатилишига фуқаронинг боғдан самарасиз фойдаланиб келаётгани сабаб бўлган.

Яъни, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 декабрдаги “Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз, деб топиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 1012-сонли қарорига кўра, Каттақўрғон туманида самарасиз фойдаланиб келаётган боғ ва токзорлар соҳага оид мутахассислар иштирокида, махсус комиссия томонидан ўрганилганди. Ўрганиш натижаларига кўра, туманда жами 249 гектар боғ ва токзорлар яроқсиз ва самарасиз деб топилиб, ушбу ерларга янги ер майдонлари қўшилиб, шаффоф танловлар асосида талабгор тадбиркорларга берилган. Бунинг натижасида 324 гектар боғ ва 157 гектар интенсив токзорлар барпо этилди ҳамда туманда 1200 дан ортиқ доимий иш ўринлари яратилди. Шунингдек, янги ташкил этилган боғ ва токзор эгалари қатор ораларига полиз ва сабзавот экинлари экиш ҳисобига маҳсулот ҳажми бир мунча кўпайиб, унинг бир қисми экспортга йўналтирилмоқда. Бундан эса ер эгаларнинг қўшимча даромадлари кўпаймоқда.

Боғ ва токзорлардан самарасиз фойдаланиб келган фуқаролар орасида Ҳ.Умарованинг ҳам 1 гектар, номигагина экилган ва ҳосил бермайдиган токзори ҳам бор. Махсус комиссия томонидан ўрганилганда, ушбу токзор четлари ўралмасдан чорва молларидан ҳимояланмаганлиги, ҳосилдорлиги ниҳоятда пастлиги, меъёрда белгиланган ишчи ўринлари умуман яратилмаганлиги, белгиланган ҳисоботлар сурункали топширилмаганлиги, даромади деярли йўқлиги, ҳосилдан олинган даромади бирор бир жойда қайд этилмаганлиги, тегишли тартибда банкдан ҳисобрақами очмаганлиги, қатъий белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг айрим турларини тўламаганлиги, шунингдек, ердан ғаразли мақсадда фойдаланиб, ўзбошимчалик билан терак экиб, асосан шахсий чорва молларини боқишга яйлов сифатида фойдаланиб келганлиги аниқланган.

Шунча камчилиги бўлса-да, Ҳ.Умарова одамларни чалғитиш учун ёлғон хабарларни ёзган, аслида бу ерда унинг ҳеч қандай бошқа хусусий мол-мулки ёки бино ва иншооти мавжуд бўлмаган.

Ҳ.Умарованинг ўша вақтдаги ўрганиш жараёнидан норози бўлиб ёзган шикояти юзасидан туман ҳокими А.Баҳромов март ойида унинг уйига бориб, турмуш ўртоғи Д.Давиров билан суҳбатлашган. Суҳбат давомида Д.Давиров токзордан фойдаланишдаги йўл қўйган хато-камчиликларидан хулоса қилганлигини, келгусида ердан самарали фойдаланиб, интенсив усулда токзор қилишни айтиб, туман ҳокимидан ерини ўзида қолдиришни илтимос қилган.

Шундан сўнг унинг кекса ёшдалиги ва оилавий аҳволини инобатга олиб, жорий йилнинг кузигача фақат интенсив токзор ташкил қилиш шарти билан ер майдони фуқаронинг ўзида қолдирилган. Туман ҳокими унинг уйидан кетгач, Д.Давиров шу заҳоти кўчага чиқиб, ҳамқишлоқларига: “Бир маротаба “Озодлик”ка ёзганимга туман ҳокими қўрққанидан уйимга келиб, еримни ўзимда қолдириб кетди”, дея фитна ва иғво гаплар билан мақтанишни ҳам эсдан чиқармаган.

Ҳозирги кунда Ҳ.Умарова ерни интенсив токзор ташкил қилиш шарти билан қайтариб олган бўлса-да, у ердан бошқа мақсадларда фойланиб келмоқда.

Қолаверса, қонунчиликда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қабул қилган қарорлари фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларига дахл қилса, улар суд органлари орқали ўзларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаши мумкинлиги белгиланган. Аммо Ҳ.Умарова ўзининг токзорини самарасиз деб топилганлиги юзасидан чиқарилган туман ҳокимининг қарорини бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида судларга ариза киритмасдан, ўзининг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларидан фойдаланмасдан, судда ютишига ҳеч қанақа асос йўқлигини билиб, иғво ва фитна йўлини тутган. Ижтимоий тармоқларга ёлғон маълумотлар жойлаштириб, босим ўтказмоқчи бўлган. Агарда унинг ҳуқуқлари ҳақиқатдан бузилганда эди Ҳ.Умарова ва унинг турмуш ўртоғи суд тартибида ҳуқуқлари тикланишини яхши билади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодизия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 31 майдаги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида туманда кейинги уч йил давомида давлат мулки ҳисобланган ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига қарши тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ёви маҳалласи Шўр қишлоғидаги ерлардан унумли фойдаланиш мақсадида ҳам шундай ишлар бажарилган. Хусусан, ушбу қишлоқдаги 16 нафар фуқаронинг қишлоқ хўжалиги ерларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний тартибда уй-жой қурганлиги аниқланган. Ушбу ноқонуний уй-жойларнинг иккитаси Ҳ.Умарованинг ўғиллари Аслиддин ва Салоҳиддин Давировларга тегишли. Ҳозирги кунда мазкур ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларини қайтариш юзасидан ҳужжатлар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, судга юборилмоқда.

Фуқаро Ҳ.Умарова ва унинг турмуш ўртоғи Д.Давировлар йиллар давомида ҳалол меҳнат билан даромад топиш ўрнига, ўз манфаати йўлида идорама-идора шикоят ёзишни касб қилиб олишган.

Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.