Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кимдир пул, кимдир маҳсулот, ҳарбийлар эса қон берди

Бугун, 10 апрель куни Марказий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари карантин вақтида имкониятли донорлар сони кескин камайиб кетганлиги сабабли кўнгилли равишда қон топширди.

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида корхона ва ташкилотлар фаолияти ҳамда фуқароларнинг ҳаракатланиши вақтинча чекланиб, қон маҳсулотлари захираси ҳам камайди. Ўтган вақт ичида онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморлар учун донорлар ёрдамига муҳтожлик сезила бошлади.

– Муаммони бартараф этишга ҳисса қўшиш мақсадида ҳарбий хизматчилар савоби улкан саховат тадбирига бош қўшдилар – дейди ҳарбий журналист Ғайрат Мадраҳимов. – Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги билан келишган ҳолда ҳудудий қон қуйиш марказлари мутахассислари томонидан Самарқанд, Жиззах ҳамда Навоий гарнизонларида хизматни ўтаётган кўнгилли ҳарбий хизматчилардан донорлик қони олишлари йўлга қўйилиб, бунинг учун етарлича шарт-шароит яратилди.

“Эзгулик албатта, қайтади” шиори остида ўтказилган тадбирда донорлик қони топширган ҳарбий хизматчилар тиббиёт пунктининг ўзида оқсил моддаларга бой маҳсулотлардан тановул қилишди. Улар бир суткага дам олишга юборилди ҳамда 3 кунга жисмоний машқлардан озод қилинди.