Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кимлар судья бўла олади?

Судьяликка номзодларни танлаш, тайинлаш “Судлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунлар, “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги низом, Судьялар олий кенгашининг Регламент ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Амалдаги тартибга кўра, судьялар корпусини шакллантириш судьялик лавозимларига номзодларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқлари тенглиги асосида 3 босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқич судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш.

Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган захирага кириш учун номзодлар зарур билимга, етарли ҳаётий тажрибага ва бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган юқори малакали юристлар орасидан ўттиз уч ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик ихтисос бўйича камида беш йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши лозим.

Номзодлар захирасига киритилиш истагини билдирган шахс тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан Судьялар олий кенгашига бевосита ёки судьяларнинг тегишли малака ҳайъати орқали мурожаат қилиши мумкин.

Судьялар олий кенгаши томонидан белгиланадиган тартибда ўтказиладиган имтиҳондан муваффақиятли ўтган шахслар Кенгашнинг қарори билан судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасига киритилади.

Касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун ваколатлари олдинги иш жойи бўйича белгиланган тартибда тугатилган, судьялик лавозимига муносиб эмаслиги туфайли захирага киритишни рад этиш ҳақида Кенгаш хулосаси қабул қилинганидан кейин бир йил ўтгунига қадар захирага киритиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган шахслар номзодлар захирасига киритилмайди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахслар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт.

Захирага олинган номзод Олий мактабда белгиланган имтиҳондан ўтказилгандан сўнг, грант асосида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича ўқитилади.

Иккинчи босқич судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш.

Бунда судьялик лавозимларига номзодларга судьялик фаолиятини амалга ошириш ва судлар ишини ташкил этиш, назарий билимлар, касбий этика, психология, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва қўллашни ривожлантириш, илмий-таҳлилий ва креатив салоҳиятини шакллантиришга қаратилган дастур асосида таълим берилади.

Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган шахсларга бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича давлат намунасидаги диплом берилади.

Сўнгги босқич бу номзодни судьяликка тайинлаш.

Судьялик лавозимларига фақат судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган шахслар тайинланиши мумкин бўлади.

Абдусаттор АБДУРАЗЗАКОВ,

жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди раиси.