Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Китобларга меҳрим ўзгача

Кутубхона – ғоялар маскани. У ерда сақланаётган ҳар бир китоб илм уммонидан бир зарра. Қадимги қўлёзмаларнинг, босма китобларнинг, тарихий шахслар ҳақидаги манбаларнинг бизгача етиб келишида кутубхонанинг алоҳида ўрни бор.

Президентимизнинг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори китоб ўқиш маданиятини шакллантиришга, кутубхоналар фаолиятини тубдан такомиллаштиришга, кутубхоначиларнинг меҳнати эътироф этилишига замин яратди. Ушбу қарор биз, кутубхоначилар билан бир қаторда аҳолини ҳам қувонтирди.

Чунки чекка ҳудудларда, қишлоқларда, маҳаллаларда кутубхона, туманлар марказларида АКМлар ташкил қилиниши борасида аҳоли билан суҳбатлашганимизда уларнинг аксарияти кутубхоналар очилишидан хурсанд эканлигини таъкидлашди.

Китоб ўқиб, ҳар бир асарнинг ички оламига киришда кутубхоналарнинг шинам ва қулайлиги жуда муҳим. Энди кутубхоналаримиз замонавий қиёфа касб этади. Қарорда ахборот-кутубхона марказлари компьютер техникаси ва бошқа турдаги мебель жиҳозлари, шунингдек, тегишли кутубхона ускуналари, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳамда имконияти чекланган шахсларга хизмат кўрсатиш учун ўқув залларини махсус компьютерлар ва бошқа қўшимча воситалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Китобхонларга қулайлик яратиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда ахборот-кутубхона марказлари фаолиятининг регламенти ишлаб чиқилиб, бунда аҳолига куни узайтирилган тартибда хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилди.

Бизни қувонтиргани, қарорда Президентимиз томонидан 21 май - Кутубхоначилар куни деб эълон қилиниши ҳамда кутубхоначилар фаолияти алоҳида эътироф этилгани бўлди. Шунингдек, кўп йиллик ҳалол меҳнати ва ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун кутубхоначиларнинг давлат мукофотлари билан тақдирланиши, бир неча йиллик орзуларимиз рўёби эди. Бу эса ўз навбатида, мутахассислар елкасига масъулият ҳам юклайди.

Насиба МИРЗАЕВА,

Пушкин номидаги Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона маркази фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш бўлими раҳбари.