Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кўчалар таъмири, йўл қурилишида аҳолига ҳеч қандай зиён етказмаслик керак

Самарқандда кенг қамровли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари қадимий кент учун ғоятда муҳим бўлган йўл қурилиши билан бирга олиб борилмоқда. Бир вақтнинг ўзида тўрт-бешта кўчада замонавий техника воситалари ёрдамида юзлаб техник ишчи-ходимлар белгиланган режа асосида реконструкция ишларини амалга оширмоқда.

Самарқанд эшкак эшиш канали атрофида қурилиши режалаштирилган, туристик марказга олиб борадиган йўл, Гулобод ва Афросиёб кўчаларининг замонавий тус олиши ҳамда Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари чорраҳасида ер ости автомобиль йўли ҳамда кўприк қурилиши ана шу янгиланишларнинг асосини ташкил этади.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов куни кеча реконструкцияси бошланган Афросиёб кўчасида бўлиб, амалга ошириладиган барча ишлар лойиҳа асосида пухта ва беками-кўст бажарилиши лозимлигини уқтирди:

“Қилаётган барча ишимиз аҳоли учун эканлигини эсдан чиқармайлик. Мақсадимиз халқимизга яшаш ва меҳнат қилиш учун қулайлик яратишдан иборат. Шундай экан, кўчаларни янгилаш жараёнида аҳолига ҳеч қандай зиён етказмаслик лозим”.

Лойиҳа амалга оширилса, Афросиёб кўчаси умуман бошқача тус олади. Ҳовлиларнинг олд қисми – фасади хонадон соҳиблари ва ҳомийлар кўмагида янгиланади. Замонавий шаҳарсозлик усули анъанавий архитектура билан уйғунлашишига эътибор қаратилади.

Эркинжон Турдимов меъморлар гуруҳи томонидан тайёрланган бинолар лойиҳасига ўзгартириш киритиш лозимлигини айтди. Чунки уларнинг аксарияти лойиҳада икки қаватли бўлиши кўзда тутилган эди. Биноларнинг олд қисми талабга жавоб берса, уларга бошқача тус беришнинг ҳожати йўқлиги, бунда аввало одамлар манфаатидан келиб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Йўл атрофида жойлашган маҳаллаларда шу вақтгача канализация мавжуд эмас эди. Энди йўл четида канализация қувурлари билан бирга янги ичимлик суви тармоғи ётқизилади. Реконструкция давомида пиёдалар ҳам эсдан чиққан эмас. Пиёдалар йўлаги тубдан ўзгартирилади ва ҳозирги паст-баланд йўлак бир текис қилиб қурилади.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ.