Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Коронавирус сабабли халқаро спорт тадбирлари юртимизда вақтинчалик чекланади

Илк бор Хитойда аниқланиб, сўнгра дунёнинг кўплаб давлатларига кириб борган COVID-19 коронавируси бугун бутун дунёни таҳликага солиб турибди. Шукрки, юртимизда бу юқумли ва ўта хавфли эпидемия аломатлари аниқланганича йўқ. Бироқ хотиржам бўлиш асло ярамайди. Чунки коронавирус айни пайтда сайёрамизнинг 70дан ортиқ давлатига кириб борди.

Мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, қолаверса, ҳукуматимиз томонидан берилган кўрсатма ва тавсиялар ижросини таъминлаш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг буйруғи қабул қилинди.

Унга кўра, Республика ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари вақтинча тўхтатилди. Бундан кўзланган мақсад — коронавирус эпидемияси юртимиз ҳудудига кириб келишининг олдини олиш бўлиб, буйруқ билан халқаро мусобақаларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларининг иштироки ҳамда тизим ходимларининг хорижий хизмат сафарлари вазирлик билан келишилган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, спорт турлари бўйича республика спорт мусобақалари (чемпионат ва кубоклар) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳудудий спорт мусобақаларини эса ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари билан келишган ҳолда ўтказиш вазифаси юклатилди.

Бундан ташқари, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги республика ташкилотлари ва жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тарғибот материалларини чоп этиш ва уларни эътибор қаратиладиган жойларга илинишини таъминлаш орқали халқимизнинг тиббий маданиятини юксалтириш ҳам кўзда тутилган.

Хуллас, барчамиз бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, COVID-19 коронавирусининг юртимизга кириб келиши олди олинади.