Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Коронавирусга чалинган 14 ёшли чироқчилик ўсмирнинг отаси ва опаси ҳам касалликни юқтиргани маълум бўлди

Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамов маълум қилмоқда.

Таъкидланишича, Қашқадарё вилоятида коронавирус билан хасталанган беморлар уч нафарга етди.

“Беморнинг 36 ёшли отаси Тошкент шаҳрида яшаган турмуш ўртоғининг акаси, коронавирус инфекцияси туфайли 28 март куни вафот этган шифокор билан яқин мулоқотда бўлган. 16 ёшли опаси эса укаси билан мулоқот орқали мазкур инфекцияни юқтириб олган”, дейилади бошқарма ахборот хизмати берган хабарда.

Aйни пайтда беморлар вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг ҳолати ўрта оғир даражада. Беморлар билан мулоқотда бўлганларнинг барчаси ва улар яшаган ҳудуд карантинга олинган.

Эслатиб ўтамиз, қашқадарёлик 14 ёшли бемор Чироқчи туманидан бўлиб, у ота-онаси билан 16-21 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб, 20-21 март кунлари қариндоши — коронавирусдан вафот етган иккинчи беморникида бўлган.

Aйни пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 16 тага кўпайиб, 221 нафарга етди.