Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кўзи ожизлар кутубхонасида махсус китобларга эҳтиёж бор (аудио)

13 ноябрь - Халқаро кўзи ожизлар куни муносабати билан Самарқанд вилояти кўзи ожизлар кутубхонасида “Дил гавҳарларимизни авайлайлик” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Кутубхона жамоаси ва аъзолари, махсус мактаб-интернатлари ўқитувчи ва ўқувчилари, вилоят кўз касалликлари шифохонаси шифокорлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда имконияти чекланган фуқаролар учун яратилаётган имкониятлар, жамиятда ўз ўринини топишига кўмаклашиш, уларнинг китобга, мутолаага бўлган меҳрини ошириш мақсадида амалга оширилаётган хайрли ишлар хусусида сўз юритилди.

- Брайл ёзувидаги махсус китоблар етишмаслиги энг катта муаммоларимиздан бири, - дейди вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси директори Қурбоной Юсупова. – 36 мингга яқин китоб фондимиз мавжуд бўлиб, шундан брайл ёзувидаги китоблар 7988 тани ташкил этади. Кутубхонамиз аъзоларидан айримлари бу ердаги мавжуд китобларнинг барчасини ўқиб бўлган. Шунинг учун махсус китоблар чоп этиш мақсадида муассасамиз қошида босмахона ташкил этмоқчимиз.

-  Кутубхонадаги китобларни икки-уч мартадан ўқиб чиққанман, - дейди фаол китобхон Абдуҳамид Абдуманнонов. -  Кутубхонамизда брайл ёзувидаги ҳамда аудиокитоблар сонини кўпайтирсак, китобхонлар сафи янада кенгаяди.

Тадбир иштирокчиларига вилоят кўз касалликлари шифохонаси врачлари томонидан тиббий маслаҳатлар берилди. Ёшлар томонидан ижро этилган шеърлар, куй-қўшиқлар тадбирга кўтаринкилик бағишлади.

Тўлқин СИДДИҚОВ.