Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мамай бахшини танийсизми?

Мамай бахши Эргашев 1931 йил 25 апрелда Нурободнинг Тим қишлоғида туғилган. Болалик ва ўспиринлик йиллари нарпайлик Ислом шоир Назар ўғли қўлида бахшичилик сирларини ўрганиб, устози билан бирга тўй-ҳашамларда достону термалар айтиб юрди. Кексаларнинг айтишича, Мамай бахши Ислом шоирдан дўмбирада юз хил оҳанг чалишни ўзлаштирган экан.

Мамай бахши бутун умри давомида пахтакору ғаллакор, чўпонлар даврасида куйлашни канда қилмаган. Бахши-шоирлар Республика танловлари ва фестивалларида доимо совриндорлар сафида бўлган.

Бугунги кунда Пушкин номидаги Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона марказида Мамай бахшининг «Бахшиси бор элнинг бахти бор», «Ойсулув», «Нурбулоқ» достонлари қўлёзмаси сақланиб қолган. Ҳар бир достон 350 саҳифадан иборат.

Мамай Эргашевнинг акаси Парда, укаси Жумабой, тоғалари Юсуф ва Тўлқин ҳам дўмбирада бинойидек терма ва достонлар ижро этишган. Диёр бахши Юсупов, Хуррам бахши Эшмуродов, Ҳикмат бахши Мусурмонов ҳам ўзларини Мамай бахшининг шогирдлари деб ғурурланишган.

Ижодкор отахон дурадгорлиги орқасидан турмуш ўртоғи Мабура ая билан бирга етти ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказган.

Халқимизда «От ўрнини той босади», «Оққан дарё оқаверади», деган нақллар бежиз айтилмаган. Бугун Нурободда Мамай бахши мактаби муносиб давом этмоқда. Сайим бахши Эргашев ана шу мактаб давомчиларидан бири.

- Оилада бешинчи фарзандман, - дейди у. – Отам қувватдан қолгач, ака-укаларим устачиликни давом эттириб, рўзғорни бутлаш ҳаракатида бўлишди. Мен эса 12 ёшимда падари бузрукворимнинг дўмбирасини қўлга олдим. Туну кун машқ қилиб, терма ва достонлар ёдлаб, тўю томошаларда айтиб юрдим.

Сайим бахши 40 йилдан буён маданият соҳасида фаолият кўрсатади. Бир муддат қишлоқ маданият уйига раҳбарлик қилди. Айни пайтда Тим маданият марказида бахшичилик тўгарагини бошқаряпти. У Мамай бахши издошлари Шавкат Бобомуродов, Абдуалим Бекмуродов билан ҳамкорликда турли тадбирларда ўзбек халқ термалари ва достонларини куйлаб келмоқда. Термиз ва Қаршидаги фестивалларда улар санъати эътироф этилди. Ҳатто, Тошкентдаги катта саҳналарда ҳам уларга навбат беришди. Устозлари Ҳикмат бахши Мусурмоновнинг 75 йиллигига бағишлаб, улар уюштирган мушоира бахшичилик анъанаси Нурободда қизғин давом этаётганини намойиш қилди.

- Тўгарагимда саккиз нафар ўқувчи бор, - дейди Сайим бахши. – Мен уларда Ислом шоир ва отам шижоатини, ихлосини кўряпман. Бу ишонч менга ҳам куч-қувват бағишлайди.

Э.ЎСАРОВ.