Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Марказий Осиё - бизнинг умумий уйимиз” халқаро анжуман иштирокчилари Самарқандда

Кеча пойтахтимизда Бағрикенглик ҳафталиги доирасида ўтказилган “Марказий Осиё - бизнинг умумий уйимиз” халқаро анжуман иштирокчиларининг бир гуруҳи бугун Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

Меҳмонларни Самарқанд темир йўл вокзалида Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов кутиб олди.

Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги экспертлар ва чет элдаги ўзбек миллий маданий марказлари раҳбарларидан иборат делегация аъзолари дастлаб Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Улар Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказида бўлиб, бу ерда яратилган шарт-шароитлар ҳамда музейни томоша қилди. Шу ернинг ўзида вилоятдаги миллий маданий марказлари раҳбарлари билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда келгусида минтақада аҳил қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўллари, миллатлараро алоқалар ҳамда маданий-гуманитар лойиҳаларни ривожлантириш истиқболлари бўйича ўзаро фикрлашишди.

- Мамлакатингизда миллий бағрикенгликка алоҳида эътибор қаратилади, - дейди "Қозоғистон ўзбеклари" дўстлик ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжонов. -  Асрлар давомида ўнлаб халқ ва миллат вакиллари ушбу ҳудудда яшаб келганлигининг ўзиёқ бу фикрнинг исботи. Қолаверса, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида бағрикенглик намунаси бўлиб келмоқда. Шунингдек, 2018 йилда Қозоғистонда "Ўзбекистон йили", бу йил эса Ўзбекистонда "Қозоғистон йили" тадбирлари бўлиб ўтди. Бу тадбирлар доирасида маданий-гуманитар алоқалар халқларимизни янада яқинлаштирди, азалий дўстликни улуғлашдек муштарак мақсадларга эришишда муҳим ўрин тутди. Бугун Самарқандда вилоятдаги миллий маданий марказлар раҳбарлари билан учрашув, бу ерда миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш ҳақида илгари сурилган таклиф ва фикрлар халқларимизни янада кўпроқ жипслаштиришга хизмат қилади.

Меҳмонлар ташриф давомида Самарқанд шаҳрининг тарихий обидалари ва диққатга сазовор жойлари билан танишдилар.

Ҳусан Элтоев.