Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мавзуга қайтиб: Қурувчилар учун бизнесга айланган лойиҳа

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 мартдаги қарори асосида “Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси”га 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Хусусан, ушбу маблағ ҳисобидан шаҳарнинг халқ тилида айтиладиган Микрорайон, Суғдиёна ва Сартепа массивларида бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилиши белгиланганди. Режага кўра, Суғдиёна масканидаги 68 та кўп қаватли уйнинг том, ертўла, ички муҳандислик тармоқлари мукаммал таъмирланиши, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар ободонлаштирилиши керак эди. Шунингдек, 11 та болалар боғчаси, 15 та спорт майдончаси, 17 та аҳоли йиғинлари учун айвон, 3 та ўйин майдончаси ва битта автотураргоҳ қурилиши белгиланган. Ажратилган маблағ ҳисобидан қилинган ишларни ўрганиб, сайтимизда жорий йил 13 июнь куни “Кўп қаватли уйлардаги таъмирлаш ишлари нега чала қолди? Ажратилган пуллар қаерга кетди” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилгандик. Афсуски, таъмирлаш ишларига масъуллардан бу мақолага ҳалигача муносабат билдирилмади. Мақола чоп этилгандан сўнг уч ой вақт ўтди, ҳудудда қандай ўзгариш бўлганлиги билан танишиш мақсадида яна ўша манзилда бўлдик.

Қурувчига машина олиб берадиган лойиҳа бўлди

Дастлаб “Микрорайон” ҳудудини кўздан кечирдик. Буюк Ипак йўли кўчасидаги 8 йўлакдан иборат 18-уйда ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилган. Аммо таъмирланган деворлар олдида қаттиқроқ акса урилса, янги сувоқлари тўкилгудай ҳолатга келган.

- Подъездларнинг ҳаммага кўринадиган биринчи қаватлари таъмирланди, юқори қаватларда эса тунги чироқлар ҳам йўқ, таъмирланмади ҳам, - дейди 18-уй 3-хонадонда яшовчи Шоҳруҳ Беҳбудий. – Биринчи қават подъездига ҳаракатни сезиб ёниб-ўчувчи чироқ ўрнатилган, лекин бу чироқ уч ойдан буён кечаю кундуз ёниб туради. Ертўладан ҳашаротлар чиқяпти, ишлар эса ўлда-жўлда қолиб кетди, томдан тушадиган ёмғир сувлари учун қувурлар қўйилди, аммо сув чиқиб кетиш йўли йўқ. Қурувчилар оҳакка ранг қўшиб уйни бўяшди, уч ой ўтмасдан уйнинг ранги ўчиб кетяпти. Уй таъмиридаги камчиликлар юзасидан вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасига бир неча бор мурожаат қилдим, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам ҳолатни билдирдим, шунда ҳам улар мурожаатларимни эътиборсиз қолдиришди.

Шу уйнинг 6-хонадонида яшовчи Владимир Сизиковнинг хонадонидаги иссиқлик қувурлари уланмасдан қолиб кетган, бунинг устига қувурларни алмаштиришдан сўнг қаватлар орасида тешиклар очиқ қолган.

- Ўша пайтда мен шу уй бошқарувчиси эдим ва уйимиз “Бунёдкор” масъулияти чекланган жамияти томонидан тўлиқ таъмирланиши режалаштирилганди - дейди Маҳфират Маърупова. – Аммо қурувчи ҳар куни мардикор бозоридан тажрибасиз ишчи олиб келиб ишлатди, ахир қурилиш корхонасида маҳоратли усталар бўлмайдими? Қурувчи ҳар доим уй атрофини ободонлаштириш учун алоҳида артезиан қудуғи, болалар майдончаси, нуронийлар дам олиш жойи қилинишини айтадию амалда йўқ, ҳаттоки сметани ҳам кўрсатмайди. Уй олдига ёмғир сувлари учун лоток ариқ қилинган аммо сув чиқиб кетадиган жой йўқлигидан ёмғир сувлари подъездгача келади. Қурувчи бўлса рамазон ойида барча камчиликларни бартараф этиб, хонадон соҳибларининг мароқли дам олишлари, болалар бемалол ўйнаши учун муносиб шароит яратишга ваъда берганди, энди эса бажарилган ишлардан розимиз, деб имзо қўйиб беришимизни сўраяпти. Кўп қаватли уйларни таъмирлаш лойиҳаси туфайли қурувчилар машинали бўлди, биз эса уйимиздаги чала қолган ишлар қачон ва қандай ҳал этилишини кутяпмиз.

Ҳақиқатан ҳам шу уйнинг рўпарасида жойлашган 20-уй таъмирини кўрган кишининг ҳаваси келади. Уйнинг ташқи кўриниши, балкон, подъездлардаги ишлар, ўриндиқ, дам олиш жойи барчаси кўнгилдагидек бажарилган. Ҳар иккала уйга смета тузилиб, ишлар белгиланган ва шунга асосан маблағ ажратилган бўлсаю нега унда ёнма-ён икки уйнинг таъмир ҳолати икки хил.

“Микрорайон” ҳудудидаги 12, 14, 37-уйларнинг бирида подъезднинг юқори қаватлари таъмирланмай қолиб кетган бўлса, бошқасида уйнинг бир томони умуман таъмирланмаган, бошқасида иссиқлик тизими ва болалар майдончаси йўқ.

Али Қушчи кўчасидаги 4-уйда ҳам таъмирлаш ишлари қоғозда бажарилган.

- Подъездларнинг кириш қисмига силлиқ кафель терилган, бу ерда қор-ёмғирли кунларда сирғаниб кетиш хавфини кучайтиради, бунинг устига подъездларнинг бирортасида чироқ йўқ, - дейди шу уйда яшовчи Татяна Петровна. – Бир неча йил олдин ширкат томонидан асосий ишлар бажарилганди, ҳозир қурувчилар том, қувурлар ва ертўлани таъмирлади. Кириш эшиклари, подъездлар таъмири ва болалар майдончаси қолиб кетди. Буни кимдан сўраймиз, агар шу маблағни ширкатнинг ўзига берса ҳарҳолда ишни кимдан талаб қилишни билардик, ҳозир ширкат билмайди, қурувчини эса топиб бўлмайди, қиш яқинлашяпти таъмирлаш қачон тугашини билмаймиз.

Уй бошқарувчиси Муслима Бўлатова изоҳига кўра, Эркин исмли қурувчи ҳар куни ёлланма ишчилар келтириб ўз билганича уйни таъмирлаган. Уйни ранги ҳам мос тушмаган, янги қўйилган қувурлар осилганча қолган, иссиқ сув қувурлари очиқ қолиб кетган, қурувчидан эса дарак йўқ.

Ширкат қурувчини «оқлади»

Ҳудуддаги “Зулфия строй-сервис” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати 10 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Лекин кўп қаватли уйларнинг бирортасида таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмаган. Бу ҳолатни ширкат раҳбари ўзгача изоҳлади.

- 10 та уйни таъмирлаш учун 4 та қурилиш корхонаси бириктирилган, аммо улар белгиланган маблағнинг ярми билан шунча ишни битирди, тез орада пулнинг қолган қисми ажратилса, таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланади. Яъни 10 уйнинг кириш эшиклари тўлиқ домофонлар ўрнатилган янги темир эшикларга алмаштирилади, подъездлар таъмирланади, чироқлар қўйилади, ўриндиқ ва урналар ўрнатилади, уйга кириш йўлаклари бетонланади. Али Қушчи кўчаси 6-уй ва Тараққиёт кўчаси 45-уй ўртасида болалар майдончаси, уйларни ободончилиги учун алоҳида артезиан қудуғи, дам олиш учун айвон қурилади. Таъмирлаш ишлари ортда қолган Тараққиёт кўчаси 45-уйда том ва эшиклар янгиланади, подъездлар таъмирланиб уй тўлиқ рангланади. Бу уйга жами 204 миллион сўм маблағ ажратилган бўлса, ҳозиргача 102 миллион сўм маблағ ҳисобидан ертўла, иссиқ, совуқ сув, канализация қувурлари деярли тўлиқ янгиланди. Маблағнинг қолган қисми ажратилса, таъмирлаш ишлари тўлиқ ниҳоясига етказилади.

Ертўладаги ҳовуз қуриди

Аввалги мақоламизда ширкатга қарашли 8-уй ертўласида сув тошиб, бадбўй ҳид таратаётганлиги ҳақида ёзгандик. Бу уйни таъмирлаш учун жамғарма томонидан 248 миллион сўм маблағ ажратилиб, уйнинг катта йўлга кўринадиган орқа томони тўлиқ таъмирланиши, ертўла, иссиқ, совуқ сув, канализация тизими янгиланиши, дам олиш учун айвон, ирригация ариғи таъмирланиши ва бошқа ишлар белгиланган. Ўтган вақт давомида қандай ишлар бажарилганлиги билан қизиқиб яна ўша уйда бўлдик.

- Ўша мақоладан кейин бирорта масъул келиб аҳволни ўрганмади, натижа бўлавермагач, Президент порталига мурожаат қилдик, - дейди 8-уй бошқарувчиси Сайёра Комилова. – Бир ҳафтадан сўнг Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан Маъруф исмли киши қўнғироқ қилиб, мурожаатни ёпишни сўради, имзо қўймаганимдан сўнг ширкатимизнинг собиқ ходимларини чақиришди, улар ертўланинг сувини қуритиб, иссиқ, совуқ сув, канализация қувурларини уч кунда алмаштиришди. Лекин 25-хонадон олдидаги ертўлага уланган чуқур ўз ҳолича қолиб кетди. Ўшандан бери ҳеч нарса ўзгармади, қурувчи эса май ойидан буён келмайди. Иш бошида смета ҳужжатларини кўрганимизда ертўла тўлиқ таъмирланиши, уйнинг олд ва орқа қисми рангланиши, балконларнинг пастки қисмига тунука қопланиши, ирригация ариғини тўғрилаш, аҳоли учун дам олиш маскани, болалар майдончаси қилиниши белгиланганди. Аммо бу ишларнинг ярми ҳам бажарилгани йўқ, 64 та хонадоннинг 25 тасида қувурлар тўлиқ алмаштирилди, холос.

Қурувчи дастлаб ишни бошлаганида Янги йил байрамигача тугатишни айтганди, кейин Наврўз байрамигача, деди, кейин яна ёз фаслини ваъда қилди, энди яна Янги йилни кутамизми? Қиш яқинлашяпти, уй олдидаги ирригация ариғининг икки томони берк, ёмғир сувлари қаерга кетади, яна йиғилиб ертўлага тўпланади, бунинг устига уйимиз яқинидаги автомобилларни ювиш шохобчасининг оқова суви ҳам шу ерда тўпланади. Ширкат раиси эса ҳар сешанба куни “бугун пул чиқади, эртадан қурувчилар ишни бошлайди”, деб ваъда беради, аммо натижа йўқ. Уйимизнинг орқа томони, музқаймоқхона, кафенинг овозидан тинч яшаб бўлмайди, яна улар биноларини уйимиз томонга яқинлаштириб келмоқда, ҳаттоки, ёнғин чиқса ўт ўчириш машинаси киролмай қолган.

Уйларни таъмирлаш бизнесми ёки...

Юқорида айтганимиздек, шу уйнинг қаршисидаги Тараққиёт кўчаси 28-уй рисоладагидек таъмирдан чиқарилган. Ҳар бир уй таъмири учун бажариладиган ишлар деярли бир хил, аниқ қилиб белгиланган бўлса-да, таъмирланган уйларнинг ҳолати ҳар хил. Бу кўп жиҳатдан қурувчининг тажрибаси ва виждонига боғлиқ. Соҳага масъуллар эса таъмир учун қурувчиларни жалб этишда танловни қатъийроқ ўтказишлари лозим эди. Шаҳардаги аҳоли тураржойларини таъмирлаш учун давлат томонидан анча катта маблағ ажратилганди. Лекин лойиҳалашдаги эътиборсизлик ва аҳоли фикридан ҳам англашиладики, таъмирлаш ишлари кимлар учундир бизнесга айланган. Энг асосийси, кўп қаватли уйда яшовчилар учун болалар майдончаси ва автотураргоҳ қурилмаган, ишларни бажаришда муддатга риоя қилинмаслигини айтмаса ҳам бўлади. Балки аҳоли айтганидек уйларни таъмирлашни ширкатларга топшириб, қурувчиларни бириктириш яхши самара берармиди, ҳар ҳолда иш учун жавоб берадиган субъект аниқ бўларди.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йил 5 сентябрь куни куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам мавсумга пухта ҳозирлик кўриш борасида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. Хусусан, иситиш қозонлари, ирригация ариқларини шай ҳолга келтириш, аҳоли эҳтиёжи учун қўшимча талаб этиладиган электр ва газ таъминотини ҳисобга олиш, мавсум учун барча ишни вақтида бажариш бўйича масъулларга кўрсатмалар берди. Бу албатта кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Берилган топшириқлар ижросидан келиб чиқиб ҳам соҳа мутасаддилари Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларни таъмирлаш ишларини қисқа вақтда якунлашлари лозим эмасми?

Ўктам Худойбердиев,

Бахтиёр Мустанов (фото).