Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Маяковскийдан гуллар»

Машҳур рус шоири Владимир Маяковский Париж шаҳрида бўлганида рус қизи Татьяна Яковлевани севиб қолганлиги унинг ҳаётидаги энг ёрқин лаҳзалардан бири бўлди.

Дунёқараши туфайли улар ўртасида ўзаро муносабат бўлиши мумкин эмас эди. Чунки рус шоирлари Пушкин ва Тютчев асарларини ўқиб тарбия топган, мағрур ва тўғрисўз, рус эмигрант қизи собиқ советлар мамлакати “музёрар” шоирининг қўпол ва кескин тарзда битилган шеърларини қабул қилмаган. У ҳатто, ҳақиқий ҳаётда ҳам шоирнинг сўзларини тинглаб ҳазм қилмас эди. Шеърларида ғазабнок, сўнгги нафасигача шиддат билан олға интиладиган инсонларни тасвирлайдиган ижодкорнинг жиловлаб бўлмас иштиёқи аслзода қизни қўрқитар эди. Татьяна унинг вафодорлигига ҳам, шон-шуҳратига ҳам учмади. Қизнинг қалби шоирга бефарқлигича қолди. Севгисига рад жавобини олган Маяковскийнинг Москвага қайтишига тўғри келди.

Мана шу бир лаҳзагина ёнган, аммо тан олинмаган муҳаббат унинг қалбини ғам-қайғуга чўмдирган бўлса, бизга «Мен бирибир сени қўлга киритаман, ёлғиз ўзингни ёки Париж билан бирга!» сўзлари бўлган «Татьяна Яковлевага хат» шеърини мерос қолдирди.

Аслзода қизга эса гуллар қолди. Владимир Маяковский Париж шаҳридаги чиқишлари эвазига олган барча қалам ҳақини ҳафтасига бир неча марта гортензия, парм фиалкаси, қора лола, орхидея, астра ва хризантема каби энг чиройли гуллардан гулдаста ясаб, Татьяна Яковлевага етказиб бериши шарти билан шаҳарнинг машҳур гул дўкони ҳисобига ўтказиб берди.

Париждаги гул дўкони бу чапани шоирнинг илтимосини қойилмақом қилиб адо этди. Дўкондор бир неча йиллар давомида Татьяна Яковлеванинг уйи эшигини тақиллатиб, «Маяковскийдан» битиги бўлган жуда чиройли гулдастани етказиб берарди.

Ўтган асрнинг 30-йилида шоирнинг вафот этиши ҳақидаги хабар қиз учун кутилмаган зарба бўлди. Т.Яковлева шоирнинг ўз ҳаётига, гулдаста орқали кириб келишига ўрганиб қолган эди. Гуллар юборяптими демак, қаердадир ўзини жонидан ортиқ севувчи инсон борлигини доим ҳис этиб турарди. Худди Ой Ер атрофида мунтазам айланиб, ундаги барча мавжудотларга ўз таъсирини ўтказгани каби.

Қиз анвойи гулларга сингиб кетган севгисисиз энди қандай яшашни билмас эди. Аммо гул етказиб берувчи дўкон эгалари шоирнинг вафоти ҳақида ҳеч нарса билмасди. Шу сабаб эртаси куни тонгда қизнинг эшиги яна тақиллаб, «Маяковскийдан» ёзуви бўлган анвойи гуллардан ясалган гулдаста пайдо бўлди.

Ҳақиқий муҳаббат ўлимдан кучли дейишади. Аммо уни ҳаётга татбиқ этиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бироқ Владимир Маяковскийга бу насиб этди. Чиройли гулдаста шоир вафот этган ўтган асрнинг 30-йилларида ҳам, уни ҳатто одамлар унутиб юбораёзган 40-йилларда ҳам тўхтамай келаверди…

Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар Парижни босиб олганида ҳам хиёбондаги гул дўкони чиройли гулдасталар сотганлиги учун бузилмади. Кейинчалик иттифоқдош қўшинлар шаҳарни озод қилишди. Қиз хурсандчилигидан йиғлаб юборди. Берлин ҳам озод этилди, гуллар ҳамон келаверарди. Гул элтувчилар унинг кўз ўнгида кексайиб борарди. Эскилари ўрнига янгилари келганида ҳам гуллар ҳақидаги афсонанинг бир қисмига айланиб, ўша хонадонга гулдасталар элтишларини яхши билишарди. «Маяковскийдан», деган жумла барча учун афсонавий сўзга айланиб қолган эди.

Бугунги кунда машҳур Маяковскийнинг гуллари парижликларнинг ажралмас тарихига айланган. Ҳақиқатми ёки йўқ билмадим, аммо рус муҳандиси Аркадий Рывлин ёшлигида онасидан бу афсона ҳақида эшитиб, бир умр Парижга боришни орзу қилган экан.

70-йилларнинг охирларида у ниятига етди. Бу вақтда Татьяна Яковлева ҳали тирик бўлиб, ватандошини ўз уйида қабул қилган экан. Улар чой устида кўп нарсалар ҳақида суҳбатлашишди.

Татьяна хонимнинг кичик, лекин қулайгина хонадони барча бурчаклари гулдастлар билан бурканган эди. Муҳандис хонимдан ёшлигида эшитган “Маяковский гуллари” тўғрисидаги афсона ҳақида сўрашни истарди. Аммо ноқулайлик туғдирмаслик учун сўрашга ийманиб турди. Барибир қизиқувчанлиги устун келиб, уруш йиллари Маяковскийнинг гуллари хонимни ўлимдан асраб қолганлиги ростлиги ҳақида сўради. Ёки бу одамлар тўқиб чиқарган чиройли афсонами? Ахир мумкинми, шунча йилдан бери гулдаста келиши ақлга сиғмайдиган ҳодисаку?!

- Чойдан ичинг, - дея жавоб қилди Татьянахоним. – Ҳозирча бирор жойга шошганингиз йўқ-ку?!

Шу пайт эшик қўнғироғи чалинди.

…Эшик ортида қуёш рангли япон хризантемаларидан ясалган улкан, аммо чиройли гулдаста пайдо бўлди. Улкан гулдастани кўтариб турган гулчининг ўзи кўринмаса ҳам унинг «Маяковскийдан гуллар», деган овози жаранглаб кетди. Меҳмон бутун умри давомида бунақа ҳашаматли гулдастани қайтиб кўрмади.

Исмат КУЧИЕВ тайёрлади.