Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Менинг қаҳрамоним - Эркинжон Турдимов

Олий Мажлис Сенатининг 28 феврал, жума куни бўлиб ўтган иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар ота-оналар қаровисиз қолган, меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувидаги долзарб масалалар тўғрисида ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқди.

Шу йиғилишда ўз фикрлари билан барчани жамиятимизда яшаётган инсонларга эътиборсиз бўлмасликка чақирган вилоятимиз ҳокими Эркинжон Турдимовнинг сўзлари менга жуда таъсир қилди.

“Ҳақиқатдан бу жуда долзарб масала. Шахсан ўзим кўп шуғулландим шу муаммо билан. Ҳар битта вилоятда камида 150—200 нафардан қаровсиз бола бор. Булар кимларнингдир қўлида “қурол” бўлиб қоляпти. Масалан, меҳрибонлик уйини тугатганига 5—10 йил бўлган болаларнинг қарийб 30—40 фоизи жиноятга қўл урган. Бизда аниқ мисоллар бор. Ўзимизнинг шаҳарда бир-иккитасини етаклаб юришибди: 35—40 ёшга кирган, ҳеч нарсаси йўқ, икки, уч марталаб жиноят қилган.

Aлоҳида низом қабул қилиб, бу масалаларни дастур асосида ечмасак бўлмайди. Чунки уй-жой қилишни ҳеч бир туманнинг ҳам, вилоят ҳокимиятининг ҳам бюджети кўтармайди. Маҳаллий бюджетга рухсат берса, биз депутатлар билан келишиб, меҳрибонлик уйидан чиққанларни уй-жой билан таъминлай оламиз. Биргина мисол, биз 8 нафарига уй ажратиб бердик, ертага топширамиз. 15 нафарига ётоқхоналардан жой яратиб бердик. Ҳозир яна 16 нафарига бошланғич тўловини тўлаб, уй масаласини ечяпмиз.

Лекин булар вақтинчалик. Шунинг учун буни қарор қабул қилиб, тартиб билан тизимли ечмасак, муаммо бўлиб қолаверади. Энг ёмони, кўп жиноятлар содир этаётганлар ҳам шулар бўляпти. “Бомж”га ўхшаб қолган, ғирт жиноятчи бўляпти булар. Жиддий аҳамият қаратмасак, эртага яна жиноятлар сони ошади”, деди Турдимов.

Жуда тўғри фикрлар. Биз ўзбеклар оила ташвишлари билан бўлиб ўзбекчилигимизни унутиб қўймаяпмизмикан? Меҳрибонлик уйларида меҳрга ташна кўзларни кўриб, беихтиёр кўзингизга ёш келади. Давлатимиз бу болаларга ҳамма имкониятларни яратиб бермоқда, кийим-кечак, еб-ичишдан камчилик йўқ. Aммо меҳрибонлик уйидаги тарбиячилар ўзларининг оналаридек бўла олишармикан? Йўқ албатта ҳаммаси ҳам эмас. Ижтимоий тармоқларда меҳрибонлик уйида яшаётган вояга етмаган қизларни мунтазам зўрлаб келишганлиги ҳақида маълумотлар, тарбиячиларнинг уларга бўлаётган муомаласи одамда қаҳр ва ачиниш ҳиссини уйғотади.

Шундай муҳитда тарбия олаётган болалардан нимани кутиш мумкин? Менимча, "оч қорним, тинч қулоғим", деган мақолни шу болалар биринчи бўлиб айтишган бўлишса керак. Ўзбеклар уруш пайтларида минглаб етим болаларни ўзининг боласидек меҳрибонлик кўрсатишган. Қорни оч бўлса ҳам меҳрдан озуқа олишган улар. Aхир меҳрибонлик уйидагилар ўзимизнинг фарзандларимизку?! Нима, ота-онаси бошқа бўлса, ўзбекмасми? Ёки шу болаларга меҳрибон бўлишимиз учун оч қолишимиз шартми? Ҳурматли ҳоким жанобларига каттакон раҳмат айтаман - шу масалани илгари сурганлиги учун.

Раҳмат сизга Эркинжон Турдимов. Сиз менинг қаҳрамонимсиз...