Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мирий: “Туркларнинг умумий Ватани Туркистон муҳталиф ажнабий ҳукуматлар тарафидан парчаланмиш...”

Саттор Жаббор 1905 йил Тошкентда дунёга келган. Аввал жадид ва рус-тузем мактабларида, 1917-1921 йиллар Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг иккинчи босқич “Намуна” мактабида ўқиган. 1920-1921 йилларда Фитратнинг “Чиғатой гурунги” аъзоси бўлган. 1922 йил “Чиғатой гурунги” фаоллари Саидали Усмонхўжа, Аҳмад Шукрий, Вали Қаюмхон ва Саттор Жаббор А.Фитратнинг шогирдлари сифатида БХСРдан танланган 60 нафар йигитлар қаторида Германияга йўллаган.

Саттор Жаббор

1925 йилгача Берлинда ўрта махсус таҳсил олиб, 1925-1927 йилларда Гейделберг университетида, 1928-1931 йиллар Берлин университети кимё факультетида ўқиган. 1930 йил СССР талабалар учун пул юборишни тўхтатди. У Берлин университети лабораториясида немис профессорларига ассистент бўлиб, охирги йили учун пулни Александр Гумбольт фонди тўлайди. 1931 йил Ўзбекистонга қайтиб, 1932-1934 йилларда Ўрта Осиё давлат Медицина институтининг умумий кимё кафедрасида дарс берди. 1934 йил Зарифа Саидносирова билан кимё терминлари луғатини яратган. 1935-1937 йилларда ноорганик кимё кафердаси мудири бўлиб ишлаган.

Саттор Жаббор турмуш ўртоғи Маҳбубахон ва ўғли Ўрхон билан

Саттор Жаббор талабалик йилларида Туркистон ва олмон матбуотида фаол иштирок этган. Жумладан, Арслон, Субутой ва Тошпўлат лақаблари билан Берлиндаги “Ост-Европа” журналида “Туркистон шеърияти ва шоирлари”, “Дойче Альгемейне Цайтунг” газетасида “Туркистон аёллари”, “Республикада пахта учун кураш”, “Бугунги Туркистон” мақолаларида она ватани тақдирига оид изтиробларини ёзади. “Буэнос Айрес” газетасида қайта босилган мақоласида ўзбек аёллари ҳақида “Уларни ҳақиқий озодликка советлар эмас, келгуси мустақил Туркистон чиқаражак”, деб ёзганди. Қуйида унинг 1931 йил Берлинда “Субутой” имзоси билан ёзган “Куртулуш йўлунда” асаридан парча келтирамиз.

Германияда таҳсил олган ўзбек талабалари. 1924 й. Берлин

Китобнинг биринчи бўлимида у Мирий, Сиддиқий, Сўфизода, Ҳамза, Тавалло, Фитрат, Боту, Элбек, Чўлпон, Мағжанларнинг ижодини тадқиқ этади. Иккинчи бўлимда 1916 йил Жиззах қўзғолони, Туркистон Мухторияти, Муҳаммад Аминбек, Шермуҳаммадбек, Анвар пошшолар, учинчи бўлимда эса адабиётда ҳукмронлик учун кураш масалаларини муҳокама қилади (бу асар Саттор Жабборнинг дўсти Хайри Тўқай томонидан Туркияга келтирилиб, 2000 йилда А.Сумру Ўзсой, Клаус Шонинг, Эсра Карабажаклар томонидан қайта нашр этилган).

Китобнинг “Туркистонда янги шоирлар”, деб номланган илк бўлимини Мирий ижоди билан бошлаб, уни Туркистондаги янги “жадид” шеъриятининг отаси деб ҳисоблайди.

“Туркларнинг умумий Ватани Туркистон бу кун муҳталиф ажнабий ҳукуматлар тарафидан парчаланмишдир. Нуфусининг юздан тўқсон беши турк бўлган бу ўлкада маданият бу сабабдан далғали бир ҳолга келмиш. Фақат Туркистон асрлардан бери бўйла яшамади. Уйғур ва Хоразмшоҳлардан сўнг Чиғатойлилар даврида Темур янгидан миллий ва маданий бир ҳайъат даври очганди. Санъат ва илмдан буюк асарлар берди. Бу замонлар турклардан буюк олимлар, файласуфлар, шоирлар, ҳакимлар етишдилар...

Навоий асил бир оиладан 1440 йил туғилган. У давлат кишиси, тарихчи, олим, мусиқашунос, тилчи-лисониятшунос ва ҳар соҳада қобилиятли, буларнинг ҳаммасидан аввал бир буюк шоир эди. Ундан кейин келган шоирларнинг бари Навоийдан илҳом олдилар ва ҳамон олмоқдалар...

ХV асрда Туркистонда порлаган Турк маданияти, ёлғиз турк ўлкаларини эмас, хатто бутун мусулмон шарқини ўз нуфузи олдина олмишти. У замонлар Самарқанд, Бухоро, Қўқон шаҳарлари бугунги Оврупонинг Париж, Берлин ва Лондуни даражасида эди. Туркистон-Турк мадрасалари Шарқ мусулмон миллатларининг ёшларила тўла эди. Локин ХIХ асрда Туркистоннинг сиёсий парчаланиши ва унинг жоҳил хонлар, амирлари тарафидан жаҳолатга солиниши бу ўлкада чин, рус, афғон асоратини келтирди. Бу асорат даври эса ўлкада ёлғиз маданият эмас, унинг иникоси бўлган адабиётни ҳам сўндирди. Бу сабабдан бир икки шоирдан бошқа ҳаммаси қуруқ тақлиддан иборат қолди. Биз бу ерда эски турк (Чиғатой) адабиётининг тарихи ва оқибати билан машғул бўлишни истамаймиз, Туркистоннинг янги шоирларини тадқиқ этамиз.

Туркистон асоратга тушганидан сўнг узун, оғир кунларни орқасидан янги бир руҳ, янги бир давр келди. Бу ХIХ асрнинг охирларига тўғри келади. Бу янги даврнинг отаси 1898 йил вафот топган каттақўрғонлик шоир Муҳаммад Ҳожи Мурод ўғли Мирийдир. Мирий Бухоро ва Самарқандда ислом ҳуқуқи ва қонунларини таҳсил олганидан сўнг, Самарқандда қозилик вазифасида ишлаган. Мирий эски турк классик адабиётини яқиндан биларди. Билхосса илҳом, ахлоқ ва сажиясини умумий Турк адабиётининг буюк доҳийси ва Туркчанинг илмий суратда мудофаачиси бўлган Навоийнинг асарларидан олмишдир. Ҳатто, Мирий ғазалларида ўқилганига кўра, Навоийни кўп вақтлар тушида кўрар ва ундан таълим олар экан.

Мирийнинг асарларида: “Навоий қўлим тутса, қилса мадад”, деган боғламаси, унинг Навоийга кўп содиқ бир шоир бўлганини кўрсатар. Мирийнинг Навоийга бу садоқати ва севгиси уни Навоий мартабасига чиқармаса-да (бунга муҳит йўл бермасди), Мирий Турк адабиётида исми олтин каломла ёзилажак бир Турк шоиридир. Чунки у Туркистонда Оврўпо техникасиндан илҳом оларак, севган юрти, эли учун илк дафъа англаган бир отадир. Мирийнинг шеърлариндаги бу таъсир ва қувват, Туркистон мадрасаларинда, муфтилар орасинда бир янгилик, яъни “жадидлик” ҳаракатини дунёга келтирмишдир.

Мирийга қадар бутун Туркистон - турк шоирлари Лутфий, Навоий, Бобур ва бошқалар каби буюк классиклар тақлиди билан ҳаётларини ўтказишар, янги оригинал бир нарса бермадилар. Локин классик адабиётни жуда яқиндан таниган ва замонининг энг машҳур шоири бўлган Мирий ХIХ асрдаги ҳаётнинг XVI асрга ўхшамаслигини жуда яхши англаб етган эди.

XIX асрда муҳорабалар қилич, қалқонларда эмас, тўп, тўфанг, милтиқ каби даҳшатли қуроллар билан амалга оширилаётганини биларди. Эски Қўқон араваларининг ёнида поездлар турарди. Миллат ҳур ва масъуд яшамоғи учун илмга, фанга ва билхосса миллий ва маданий сажияларга эришмоғини ҳар нарсадан устун, деб билди. Миллий ва маданий сажияни Турк адабиётининг эски даврларида, илм ва фанни эса Туркистоннинг бошида ўтирган руслашган олмонларда кўрарди. Натижада бу ҳаётий заруририятлар унда бир янгиликнинг туғилмоғига сабаб бўлди.

Бир оз бўлса-да, унинг асарларини тадқиқ этаман: жоҳил муллалар, қозилар ва беклар мамлакатни бошдан оёққача таламоқда эдилар. Мирий бу сабабдан ўзининг қозилик вақтида бутун маслакдошларини “юзи қоралар”, деб эълон қилади. Ҳатто, ҳалка кучлироқ таъсир этмоқ учун ўзини ҳам у қора юзлилар орасида деб, мамлакатни таназзул сари элтаётган порахўр қозиларни беаёв танқид этди.

Юзум қорасидан эл кўнглини қора айлаб,

Кўзумни ўйди бу ғам, эл кўзуни кўп ўйманг.

Ўзумни куч билан урдум, оловга куйдурдим,

Бу ўтнинг ёлқини билан яна сизлар куйманг?!...

Қозилик муҳрида қора ҳарфлар билан ёзилган исмига боққани замон шундай хитоб қилади:

Кўнгил куясини муҳрона муҳру терс қилиб,

Юзум қора, ҳут эмас, муҳур атрофига қаранг.

Муҳроначиларнинг (қозининг пул олиш эвазига муҳр босиши) халқнинг қонини сўрувчи бир зулук эканлигини қуйидаги икки гўзал байтида шундай тасвир этади:

Кўринг ўйлаб улус ҳукм чоғи нақд истаб,

Ясаб ўзумни чу муҳрона тегди қўлга – жаранг.

Бу ҳолларга таҳаммул эмаган шоир сўнгги байтида:

Мени, юз қорани қозиликда кўп қўйманг,

Ажалсиз элни бўғуб, тиғсиз улус сўйманг!

Мирий ёлғиз бу каби диний ва ижтимоий шеърлар ёзмади. Ғарбдан келмоқда бўлган фан ва санъат маданияти билан қизиқади. Бунга оид телеграф, параход, поезд номли асарлари бордир. Шоир бунинг билан халқни айни замонда Ғарб маданиятига ташвиқ этади. Шу сабабдан Мирий Туркистонда “жадидлик”нинг бошлиғи ҳисобланади”.

Шу ўринда каттақўрғонлик яна бир шоир ва хаттот Очилдимурод Неъматилла ўғли Мирий (1830 – 1899) ҳақида: Мирийнинг мукаммал девони, иккита баёзи, қатор эпик асарлари сақланган. Мирий ижодининг асосий қисмини унинг достонлари эгаллайди. “Раъно ва Зебо” (1884) достони форсийда ёзилган. Унинг тарихий воқеалар асосида романтик услубда “Қиссаи Салим Жавҳарий” (1887), “Рустам ва Суҳроб” (1898), “Маждиддин ва Фахрунисо” (1899) достонларида адолатли тузум, фаровон турмуш, комил инсон ҳақидаги илғор фикрлари акс этган. “Гулнома”, “Чойнома” каби маснавийларида ҳаёт ҳақидаги фалсафий-эстетик қарашлари ўз ифодасини топган. Мирий Фирдавсий “Шоҳномаси”нинг бир қисмини ва Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Анвори Сухайлий” асарини шеърий йўлда туркийга таржима қилган. Хаттот сифатида Навоий, Жомий, Саъдий ва бошқа шоирларнинг айрим асарларини насх ва настаълиқ хатларида кўчирган.

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.