Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мирзо Улуғбек: "Онамнинг исми-ю кўзларигина гавҳар эмас, балки ақли ҳам гавҳар эди"

Ёдимизда 2001 йилларнинг бошларида профессор Рустам Холмуродов Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг бевосита вориси Самарқанд давлат университети эканлиги ҳақида эзгу ташаббус билан чиққан эди.

Бу ташаббусни маъқуллаб илмий жамоатчилик оммавий ахборот воситаларида қатор мақолалар, телевиденияда қатор кўрсатувлар намойиш қилинди. Назаримизда, ҳар қандай эзгу ташаббуснинг амалда ижобат бўлмоғи учун маълум бир вақт, бир мунча синовли жараёндан ўтмоғи лозим. Аслида, бу ташаббус замирида 1420 йилда Мирзо Улуғбек томонидан асос солинган олий мадрасанинг вориси Самарқанд давлат университети эканлигини эътироф этиш ҳамда таълим тизими тарихи билан боғлиқ тарихий ҳақиқатни холисона тиклаш билан боғлиқ хулоса ўз аксини топган.

Бугунги кунга келиб бу ташаббус яна қайтадан кенг илмий жамоатчиликка тақдим этилди. Улар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олиб, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг VI-чақириқ, 10 сессиясида муҳим қарор қабул қилинди. Бу муҳим ҳужжат маърифатпарвар, буюк аллома Мирзо Улуғбекнинг шаънига билдирилган ҳурмат ва эҳтиром рамзидир.

Асрлар оша фаолият олиб борган, бугунга келиб, ўз қадр-қимматини топган олий мадраса бунёдкори Мирзо Улуғбекнинг фидойилиги ҳақида сўз кетганда, бевосита уни илм аҳлига ҳадя этган волидаи муҳтарамаси Гавҳаршодбегимнинг ёрқин сиймоси кўз олдимизга келади. У темурийлар сулоласида ёрқин юлдуз, шоҳлар ичидан чиққан буюк олим, бунёдкор инсон Мирзо Улуғбекнинг онаси Гавҳаршодбегим бўлиб, ўзининг донолиги, тадбиркорлиги, бунёдкорлиги билан тарихга ўз номини муҳрлаган маликалардан бири.

Бўлғуси малика Хоразмда ҳукмронлик қилган совфийлар сулоласига мансуб, Чиғатой улуси найман амирларидан Ғиёсиддин Тархоннинг қизи бўлиб Амир Темурнинг тўртинчи ўғли, Хуросон ҳукмдори Шоҳруҳ Мирзонинг рафиқасидир.

Муаррих Шарафиддин Али Яздий Шоҳруҳ Мирзо ва Гавҳаршодбегимнинг тўйлари темурийзода ака-ука Муҳаммад Султон ва Пир Муҳаммад Мирзо бирга ўтганлигини қуйидагича таърифлайди: "Ҳар бирига бир ҳури нажот қизни шаърий мутаҳҳара йўсини била берди ва Боғи Биҳиштда тўй қилди". Бу воқеа хижрий 790 (милодий 1388) йилда содир бўлади. Никоҳ маросимидан сўнг улар Ҳиротга қайтиб келадилар. Бу никоҳдан уч ўғил (Улуғбек Мирзо, Бойсунқур Мирзо, Жўки Мирзо) ва икки қиз фарзанд туғилади.

Маликанинг шахсий фазилатлари ҳақида атрофлича маълумот берувчи манбалардан бири, Абдураззоқ Самарқандийнинг "Матлаъи савдайин ва мажмаи - баҳрайин" асаридир. Муаррих шахсан кўрганлиги ва билганлигини асарнинг 41 ўрнида тилга олади. Муаллиф уни тасвирлаганда турли таъриф-тавсиф, бадиий ташбиҳларни келтиради. Бир ўринда "оғойи" деса, иккинчи ўринда "маҳди улё" (подшоҳнинг катта хотинига бериладиган унвон), деб атайди. Айрим тадбирлар тасвирида маликани ҳатто Сабў мамлакатнинг маликаси, пайғамбар Сулаймоннинг хотини Билқис номи билан ҳам атайди. Бу таърифлар унинг ташқи қиёфасига уйғун бўлиб, унинг шоҳона базмлардаги иштироки, шу базмга мос либослар билан кўз олдимизга келади.

Шоҳруҳ Мирзо ниҳоятда ҳалим табиат, маданиятли киши бўлиб, фарзандлари ва набираларига қанчалик эътиборли бўлган бўлса, уларни дунёга келтирган маликаларнинг ҳурматини ҳамиша ўз ўрнига қўйган. Айниқса, Гавҳаршодбегим ўз ақл-идроки, тадбиркорлиги, ҳусну латофати билан Шоҳруҳ Мирзонинг ишончини қозонган. Айрим пайтларда у девон ва салтанатни бошқаришда Гавҳаршодбегимнинг маслаҳатига таянган. Ҳатто, девон ишларини бошқариш, лавозимга тайинлаш, инъом бериш, айбдорларни жазолаш ҳуқуқига ҳам эга бўлган.

Тарихчи олим Амриддин Бердимуродов ўзининг "Самарқанд тарихидан томчилар" номли мақолалар тўпламида Гавҳаршодбегимнинг ҳатто шахсий муҳрга эга бўлганлигини айтиб ўтадики, бу маликанинг айрим давлат ишларида ўзи шахсий қарор қабул қилиб, унинг ижросини кузатганини, тасдиқлаганини кўрсатади. У тўқ яшил моҳтобдан, тўқ яшил рангда, (нефритдан) бодомсимон шаклда ясалган бўлиб, сиртига сулс ёзувида арабча хат билан "Гавҳаршодбегим Ғиёсиддин Тархоннинг қизи", деб ёзилган. Маликанинг бу муҳри бугунги кунгача етиб келган у жуда катта сиёсий кучга эга бўлиб, тош ўймакорлигининг гўзал намунасидир. Бу ноёб ёдгорлик сифатида ҳозирда Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейида CA-13650 рақами остида сақланади. Муҳр тахминан 1457 йилларда ишланган.

Табиатида бунёдкорлик хусусияти бўлган маликанинг фармонига кўра, Машҳаддаги машҳур қадамжо бўлган Имом Ризо қабри ёнида 1418 йилда ғоятда ҳашаматли масжиди жомеъ қурилиши бошланади. Муаррих Абдураззоқ Самарқандий бу қурилиш ҳақида маълумотлар бериб ўтган.

Манбаларда берилган маълумотларга кўра, Гавҳаршодбегимнинг тўнғич фарзанди Мирзо Улуғбекнинг тарбияси гўдаклигидаёқ Самарқандга келтириб Бибихонимга топширилган. Малика ўғлини кўриш учун Самарқандга келиб турган. Маликанинг навбатдаги ташрифи 1420 йилга тўғри келади. Бу санада Мирзо Улуғбек ўзи барпо этган мадрасайи олияни қуриб битказган бўлиб, ўз фаолиятини бошлаган эди.

Мирзо Улуғбек барпо этган улуғвор мадрасайи олияни кўргач, унинг гўзаллигига мафтун бўлган малика Ҳиротда ҳам шундай мадраса қуриш ниятини кўнглига тугади. Шунда у мадрасанинг тарҳини чизган меъмор ва моҳир усталар ким эканлигини билишга қизиқади ва уларни Ҳиротга таклиф этиб, қурилиш ишларини бошлаб юборади. Орадан 12 йил ўтиб, Ҳиротда Мусалло ансамбли қад кўтаради. Мусалло ансамблида қад кўтарган иншоотларни кўрган Самарқандий, айниқса, мадрасанинг муҳташам ва баланд бўлиб қурилганлигини, меъморларнинг маҳоратига, наққошларнинг зеб берган нақшига юксак баҳо беради. Мадрасанинг очилиши жума кунига тўғри келган бўлиб, бу маросимда Шоҳруҳ Мирзо ҳам қатнашганлиги манбаларда қайд этилган. Маълумки, 1447 йил 14 март куни Шоҳруҳ Мирзо вафот этади. Унинг жасади Самарқандга олиб кетилишида Улуғбек Мирзонинг иштироки ҳақида ҳам маълумотлар берилган.

Ҳиротдаги Гавҳаршодбегим мадрасаси унинг вафотидан сўнг ўз даври учун ҳам, кейинги даврлар учун ҳам турли мутахассислар тайёрловчи илм-маърифат маркази сифатида фаолият олиб борган. Муаррих Гавҳаршодбегимнинг фожиали вафоти тафсилотларини баён қилар экан, Шоҳруҳ Мирзодан сўнг уларнинг набиралари тахт талашади. Оқибатда Хуросон тахти учун кураш бошланиб, фитналар авж олади. Ушбу фитналарнинг айримлари Гавҳаршодбегимга қаратилган бўлиб, 1457 йил 31 июль куни саксон ёшни қоралаб қолган Гавҳаршодбегим қатл этилади ва ўзи қурдирган мадраса қошидаги хонақоҳга дафн этилади. Бу қотиллик Абу Саид Мирзо фармони билан амалга оширилади...

Ҳаётининг катта қисми шоҳона базмлар, тўйу шодиёналар, бунёдкорлик ишларига бой бўлган Гавҳаршодбегим умрининг охири фожиалар ва қайғулар билан ўтди. Бир сўзли, шижоаткор малика бир неча марта фарзанд доғини кўрди. Катта ўғли Улуғбекнинг ўлдирилганида на унинг жасадини ва на қабрини кўролмади. Санъат ошуфтаси Бойсун Мирзо 38 ёшида вафот этди. Кенжа ўғли Муҳаммад Жўкий 44 ёшида вафот этиб, маликанинг қаддини эгиб кетди. Кексайиб, ғам кулфати гирдобида қолган малика Мирзо Улуғбекнинг вафотидан сўнг саккиз йил умр кўради.

Тарихчи Абдураззоқ Самарқандий Гавҳаршодбегим ўзи қурдирган мадраса хонақоҳига нафақат ўзи, балки кейинчалик унинг ўғиллари, набиралари бир нечта темурий шаҳзодалар хонақоҳига айлантирилганлигини айтиб ўтади. Бу хонақоҳ ва мадраса ҳозир ҳам мавжуд бўлиб, Ҳиротдаги энг зиёратгоҳ жойлардан биридир.

Тарихда асрлар, йиллар ўтган сайин айрим тарихий воқеалар бироз хира тортиб унутилиши мумкин. Аммо эзгу ишларни амалга оширган, кашфиётлар яратган тарихий шахслар номи мангуликка даҳлдор.

Гавҳаршодбегимнинг маърифатпарвар сифатида барпо этган мадрасаси, масжиду хонақоҳи меъморий ёдгорлик сифатида ҳозирда ҳам Ҳиротда қад кўтариб турибди.

Қобул шаҳрида 2003 йилда очилган хотин-қизлар университети фаолият олиб бормоқда. Университет малика Гавҳаршодбегимнинг ҳурмати ва эҳтироми рамзи сифатида унинг номи билан юритилмоқда.

Мирзо Улуғбекдек алломани дунёга келтирган Гавҳаршодбегим номи юртимизда эъзозланиб келинмоқда. Унинг эзгу ишлари ҳақида Б.Аҳмедов, А.Ўринбоев, А.Аҳмедов, У.Уватов, А.Бердимуродовлар илмий тадқиқот ишларини олиб борган. Айниқса, Турғун Файзиевнинг темурий маликалар ҳақидаги рисоласи жиддий тадқиқотлардан биридир.

Бадиий адабиётда ҳам бир қанча шоир ва ёзувчилардан Поён Равшанов, Мақсуд Шайхзода, Пиримқул Қодиров, Муҳаммад Али, Шаҳодат Исахоноваларнинг асарларида Гавҳаршодбегимнинг ўчмас сиймоси ўз аксини топган. Бугунги кунда толмас маърифатчи, улуғ бунёдкор Мирзо Улуғбекнинг илм-маърифат ҳомийси сифатида тилга олинаётганлиги, у барпо этган мадрасайи олияси - Самарқанд давлат университети вориси эканлиги эътироф этилаётганида унинг волидаси Гавҳаршодбегимни ёдга олиш эзгу ишлардан биридир. Қайсидир маънода Мирзо Улуғбекдаги бунёдкорлик, маърифатпарварлик туйғуси она қонидан ўтганлигини унутмаслик лозим, деб ўйлаймиз.

Мирзо Улуғбек, бир ўринда онаси ҳақида гўзал ташбеҳни айтиб ўтган экан. "Онамнинг исми-ю кўзларигина гавҳар эмас, балки ақли ҳам гавҳар эди".

Дарҳақиқат, Мирзо Улуғбек ана шу гавҳарларнинг энг ноёб, қимматлиларидан бири эканлигини бугун инсоният эътироф этаётганлиги айни ҳақиқатдир.

 

Маҳкамой ТУРСУНОВА,

СамДУ профессори в.б.

Шарофат ТЎХЛИЕВА,

СамДУ хотин-қизлар масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси, кенгаш раиси, ф.ф.н., доцент

ЎзА.