Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мирзо Улуғбекнинг нефритдан ясалган пиёласида нима ёзилган?

Мирзо Улуғбек илм-фан ривожи йўлида дунё аҳамиятига молик ишларни амалга оширган. Афсуски, унинг вафотидан сўнг нафақат илм-фанга бўлган эътибор, балки Мирзо Улуғбекка тегишли бўлган жиҳозлар, буюмлар ҳам талон-торож қилинган. Бугун уларнинг айримлари дунёнинг машҳур музейларида сақланади. Ушбу тарихий буюмларни ўрганар эканмиз, уларда бобомизнинг ўзбек тили, яъни туркий тилга бўлган эътиборини кўришимиз мумкин.

Ўша давр анъаналарига кўра, Мирзо Улуғбекка тегишли жиҳозларга исми ёки у томонидан айтилган ҳикматли сўз ва жумлалар ёзилган. Бунда араб ва форс тилларидан ташқари ўзбек (туркий) тилидан ҳам кенг фойдаланилган. Жумладан, бобомизга тегишли бўлган яшил нефрит тошидан ясалган, Буюк Британия музейида сақланаётган пиёлани мисол қилишимиз мумкин. Тахминан 1420-1449 йиллар оралиғида Самарқандда маҳорат билан ясалган пиёла овалсимон кўринишга эга бўлиб, 200-250 миллилитр суюқлик солса бўлади. Пиёланинг баландлиги 7,3 сантиметр, узунлиги 19,5 сантиметр, эни 12,4 сантиметрга тенг. Унда Улуғбекнинг исми билан бир қаторда “карами Ҳаққа ниҳоят йўқдур”, деган ўзбек (туркий) тилидаги калима ёзилган. Ушбу пиёла Буюк Британия музейининг ноёб экспонати сифатида 2016-2017 йилларда Канберрадаги, Австралия миллий музейида (National Museum of Australia), 2017 йилда Пекиннинг Хитой миллий музейида ҳамда Шанхай музейида очилган кўргазмаларда намойиш этилган.

Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида Мовароуннаҳрдаги савдо-сотиқ ишларини ривожлантириш ва бозорда савдо муомаласида юритилган мис пулларини тартибга келтириш мақсадида 1428-1429 йилларда пул ислоҳоти ўтказиб, мис пулларни янги кўринишдаги шаклда зарб қилади. Тангалар халқ орасида фулуси адлия номи билан машҳур бўлган. Улуғбек даврида гарчи, Самарқанд ва Бухорода кумуш тангалар зарб қилинган бўлса ҳам уларни Улуғбек ўз номи билан эмас, балки падари бузруквори Шоҳруҳнинг номи билан зарб эттирган. Ўз номидан кумуш танга пулларни фақат отаси Шоҳруҳ вафотидан кейингина зарб қилишга киришади. Эътиборлиси, ушбу тангаларда араб, форс тилларидан ташқари ўзбек (туркий) тилида ёзилган сўзларни ўқишимиз мумкин. Масалан, бизгача етиб келган, 1449 йилда Самарқандда зарб этилган тангаларда танганинг зарб этилган жойи, санаси ва бошқа анъанавий ёзувлар қаторида “Темур Кўрагон ҳимматидин Улуғбек Кўрагон сўзим” деган туркий (ўзбек) тилда, араб алифбосида ёзилган жумлаларни кўришимиз мумкин.

Бой тарихимиз акс этган осори-атиқаларга назар ташлар эканмиз, тилимиз ҳам дунёнинг ривожланиш босқичларига туртки бўлганига гувоҳ бўламиз.

Ж.САМАРОВ,

Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси катта илмий ходими.