Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Муаллим

Отадек заҳматкаш, отадек буюк,

Онадек меҳрибон, онадек суюк.

Ким бор ундан ортиқ хурматга лойиқ,

Дунёда тенги йўқ табаррук инсон -

Устоз муаллимдир, устоз - муаллим.

 

Қалбин қўри билан кўзимиз очган,

Йўлимизга умид уруғин сочган,

Қайноқ қучоғида мингларни қучган,

Номи дилдан кўчмас, тилларда достон,

Устоз муаллимдир, устоз - муаллим.

 

Субҳидам тонгидек юраги тоза,

Зам-зам булоғидек тилаги тоза,

Томирда қони соф, суяги тоза,

Кўклам булутидан олган андаза,

Қуш каби безавол, лек кўкси осмон,

Устоз муаллимдир, устоз - муаллим.

 

Қанча буюкларга муқаддас бешик,

Саодат уйига элтувчи эшик.

Сен ўша, дилларга жо бўлган қўшиқ,

Заковат зиёси ёритган бўстон,

Устоз муаллимдир, устоз - муаллим.

 

Ҳазрат Навоийни қўлидан тутган,

Улуғбек нигоҳин юлдузга отган,

Не-не алломалар пойида ётган,

Маърифат томига қўйилган нарвон -

Устоз муаллимдир, устоз - муаллим.

 

Гўдакни ардоқлаб, Нақшбанд этган,

Қанча Бухорийни элга танитган,

Бизларга аждодлар саломин битган,

Энг катта бойлиги - покиза иймон,

Устоз муаллимдир, устоз - муаллим.

 

Шогирдлари эрур топган давлати,

Ютуғидан ортар белда қуввати,

Ҳаммага баробар, баланд ҳиммати,

Саховат мулкига камтарин султон,

Устоз муаллимдир, устоз - муаллим.

 

Ўттизга бўлади битта жонини,

Бесамар ўтказмас бирор онини,

Ҳалолдан топади бурда нонини,

Миллат ардоқлаган ўша шараф-шон,

Устоз муаллимдир, устоз - муаллим.

 

Эртадан умидвор, бугундан рози,

Қўлидан тушмайди нафосат сози,

Оламни титратар ўткир овози,

Истиқлолга юзин очган гулистон -

Устоз муаллимдир, устоз - муаллим.

 

Қўлидан тушмайди дафтар, қалами,

Тилидан тушмайди ҳикмат каломи,

Каттаю кичикка бирдек саломи,

Ҳаёт карвонига беназир сарбон,

Устоз муаллимдир, устоз - муаллим.

 

Ҳар сўзи жавоҳир  - муқаддас китоб,

Урфон осмонида чақнаган офтоб,

Туриш турмушининг ўзи бир савоб,

Хурофат йўлига қўйилган қалқон -

Устоз муаллимдир, устоз – муаллим!

 

Комил СИНДОРОВ.