Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Муаммони тан олсаккина, уни бартараф эта оламиз

Жамият саводсиз мутахассисдан қанчалик азият чекиши мумкинлигини исботлашнинг ҳожати йўқ. Қўлида “диплом”и бор, олий таълимда 4 ёки 6 йил умри бекор ўтган киши қайси соҳада, қайси тизимда бўлмасин, барибир унга бир наф келтирмайди. Аксинча, яхши мутахассис чиқиши мумкин бўлганнинг ўрнини банд қилади, холос.

Жамиятда коррупцион вазиятни келтириб чиқарувчи иллатлар бўлади. Булар муаммонинг асоси, негизи, яъни оқибатни келтириб чиқарувчи сабаблардир. Биз аввало, ўша сабабларни тан олиб, уни йўқотишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Олий таълимга қабулни бу иллатдан тозалашга эришдик. Қабул жараёнлари шаффоф, очиқ ва адолатли тарзда олиб бориляпти. Энди ўқув жараёнларида йиллар мобайнида шаклланиб бўлган “коррупцион схема”ни илдизи билан қуритишга ҳаракат қилишимиз керак. Давлат хизматчиси бўладими, олий таълим мутасаддисими ёки оддий фуқаро, бу жараёнларга ҳамма дахлдор.

Мисол учун, талаба дарсга келмайди. Дарсга келмагач, уни ўзлаштиролмайди. Аммо баҳосини олиши керак вазиятда у қулай, одат тусига кирган “иш”ни қилади. Олий таълимдаги айрим “устозлар” шунга қўниккан. Демак, “қарс икки қўлдан чиқади”. Жамиятда ҳар ким ўз вазифасини бажариши лозим - талаба ўқисин, устоз дарс берсин.

Президентимиз олий таълимга алоҳида эътибор қаратиб, профессор-ўқитувчиларнинг иш шароитларини, ойлик маошларини яхшилашга ҳаракат қилмоқда. Бугун  профессор, фан докторлари 7 миллион сўм, фан номзодлари, доцентлар 5-6 миллион сўм, ассистентлар 4,5 миллион сўм ойлик маош олади. Давлатимиз раҳбари ваъдасига кўра, ҳукумат қарори билан маошлар бир йил мобайнида 3 марта оширилди.

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ташкил этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Икки йиллик қисқа муддатда қишлоқ хўжалиги ва ветеринария соҳаси бўйича сифатли мутахассис кадрлар тайёрлашга ҳаракат қиляпмиз. Аммо йиллар мобайнида ҳимоя қилинган айрим магистрлик диссертациялари, бакалаврлик диплом ҳимояларида кўчирмакашликларга йўл қўйилган ҳолатлар аниқланди. Малака амалиётлари шунчаки, хўжакўрсинга ўтказилганлиги ҳолатлари қайд этилди. Бу жуда ачинарли. Раҳбарият,  бошқарув тизими ва структураси, яна кўп нарсалар ўзгарганлиги учун жамоада норозиликлар, турли юқори турувчи мутасадди ташкилотларга “ёзув-чизув”лар, мурожаатлар кўпайганини ҳам тан оламиз. Буни тўғри қабул қилишни ҳам ўргандик. Халқ, Президент бизга ишоняптими, бу ишончни оқлашимиз зарур.

Нафақат олий таълим, балки жамият ҳаётининг мавжуд жабҳаларини коррупция иллатидан тозалашга барчамиз масъулмиз.

Худайназар ЮНУСОВ,

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори, биология фанлари доктори, профессор.