Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нарпай туманида ўқитувчилар мактаб ҳожатхонасини тозалашга мажбурлангани ҳолати карантин юмшатилгандан кейин жойида ўрганилади

Интернетда Самарқанд вилояти, Нарпай туманида ўқитувчилар мактаб ҳожатхонасини тозалашга мажбурлангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Назорат-ҳуқуқий хизмати мазкур ишни ўрганиб чиқади, дея маълум қилди ХТВ матбуот котиби.

Самарқанд вилоятида карантин тизими кучайтирилгани сабабли ҳозирда Назорат-ҳуқуқий хизмати ходимларининг вилоятга бориш имконияти мавжуд эмас. 

Вилоятда карантин тизими юмшагач, Назорат-ҳуқуқий хизмати ходимлари Нарпай туманига бориб, вазиятни ўрганади ва тегишли чораларни кўради.

Шу ўринда, Нарпай тумани халқ таълими бўлими мудири Мирзоҳид Йўлдошевга нисбатан Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси мурожаатига кўра, мажбурий меҳнатга йўл қўйгани учун қонунчилик доирасида чора кўрилади.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Нарпай туманида юзага келган вазият бўйича эълон қилган видеосида 33-мактаб директори Зуҳра Даминованинг фикрига таяниб, туманда мажбурий меҳнат ҳолатини ОАВ вакилларига Халқ таълими вазири Назорат-ҳуқуқий хизматининг Самарқанд вилоятидаги вакили эълон тарқатган, деган иддао келтирилган. 

Мазкур иддаолар нотўғри эканлиги бўйича Халқ таълими вазирлигида далиллар мавжуд.