Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нарпайлик депутатлар оилаларни камбағалликдан чиқаришда кўмакчи

Нарпай туманида карантин сабабли турмуш тарзи оғирлашган оилаларга туман Кенгаши депутатлари ҳам яқин ёрдам бермоқда.

Хусусан, 18-Ўзбекистон сайлов округидан сайланган депутат Бозор Ҳасанов ташаббуси билан ҳудуддаги бир нафар кам таъминланган оила аъзоси “Оқтошдон” корхонасига ишга жойлаштирилди. Айнан шу фуқаронинг турмуш ўртоғи фермер хўжалигида иш билан таъминланиб, томорқасидан самарали фойдаланишлари учун 1000 туп помидор, 1500 туп булғор қалампири ва 500 туп аччиқ қалампир кўчатлари берилган.

Бундан ташқари, депутат бошчилигида ва бевосита унинг кўрсатмалари асосида маҳалладаги 2 та кам таъминланган оила томорқа майдонида 6 сотихдан иссиқхона ташкил этилиб, оилага даромад манбаи шакллантирилган.

- Бундай мисолларни яна ўнлаб айтиб ўтиш мумкин, - дейди туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Ботир Жабборов. – Муҳими, бу ишларнинг бошида айнан депутатлар турибди, саховат ва кўмак ишлари халқ вакиллари томонидан мувофиқлаштирилмоқда.

Бугун тумандаги 56 маҳаллада 45 951 оила бўлса, ўрганишлар давомида 3011 та муҳтож оила мавжудлиги аниқланди. Қўлдан берганга қуш тўймас, дейди доно халқимиз. Шу боис, эҳтиёжмандларнинг қорнини тўйдириш эмас, молиявий аҳволини ўнглаб олишига ёрдам берилмоқда.

Мисол учун, 20-Муқимий сайлов округидан депутат Руқия Шукурова сайловчиларидан бирига 30 миллион сўм имтиёзли кредит олишида амалий ёрдам кўрсатди. 1-Ултов сайлов округидан депутат Бекзод Орзиқуловнинг ташаббуси билан Бирлик ва Хўжакарзон маҳаллаларида 0,7 километр зовур қазилиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммо – томорқа майдонларидаги зах сув бартараф этилган. Шунингдек, Зоир ота маҳалласидаги Мўғулкенти қишлоғидаги 0,9 километр йўл, Қуйиравот қишлоғида 0,6 километр йўл шағал тўкиб текисланган.

6-Оқ олтин сайлов округидан сайланган депутат Карим Махамадиев эса Тошкўприк маҳалласида яшовчи 52 нафар фуқарони фермер хўжаликларига ишга жойлаштириб, бандлигини таъминланган.

Халқимизнинг меҳр-оқибат, йиқилганни суяш каби инсоний фазилатлари шу кунларда янгича мазмун касб этмоқда. Хусусан, Турон маҳалласида яшовчи 87 ёшли Али бобо Тошевнинг муаммолари ўрганилиб, унинг уйини таъмирлаб, қўшимча тўртта хона қуриб бериш режалаштирилди. Бу иш табиийки, ҳомийлик ва хайрия маблағлари асосида амалга оширилади. 

А.Тошевга соғин сигир ва бузоқ олиб берилди. Дедан маҳалласида яшовчи фуқаро Н.Эшонқулованинг хонадони ҳам ҳомийлик билан янгидан қуриб берилди.

Умуман, карантин тартиби жорий этилгандан буён тумандаги 3011 оилага 5775,8 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилган. Шунингдек, бу оилаларнинг дори-дармон эҳтиёжи учун 30 миллион сўм маблағ сарфланган.

Мақсуд ҚУРБОНОВ.