Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Навоий ва Самарқанд вилоятларида Широқ ҳақида телесериал ҳамда Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолиятига оид бадиий фильм суратга олинади

“Ўзбеккино” миллий агентлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ўзбек халқининг буюк сиймоларига бағишланган фильмларни суратга олиш бўйича келишувга эришилди.

Улардан бири саҳрода шоҳ Доро бошчилигидаги форс босқинчиларининг катта қисмини донолиги ва жасорати билан енгган сак қабиласига мансуб чўпон Широқ ҳақидаги сериал ҳисобланади.

Кейинги лойиҳа таниқли маърифатпарвар, жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндаларидан бири, атоқли ёзувчи, драматург Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида бадиий фильм яратишдан иборат. Таъкидлаш жоизки, бу йил Ўзбекистонда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллиги кенг нишонланади.

Ушбу келишув ҳақида сўз юритар экан, “Ўзбеккино” раҳбари Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида миллий қаҳрамонлар хотирасини абадийлаштириш муҳимлиги тўғрисидаги ташаббуси ҳаётга татбиқ этилаётганини таъкидлади.

- Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовдан мамлакатимиз раҳбариятининг буюк тарихий шахслар хотирасини абадийлаштириш бўйича кўрсатмаларини амалга ошириш, шу қаторда Иккинчи жаҳон уруши пайтида Германиянинг Амерсфорт немис концлагерида асирга олинган ўзбекларнинг жасорати ва мардлиги ҳақида фильм яратишни йўлга қўйиш бўйича кўрсатган ташаббуси учун миннатдормиз, - деди Фирдавс Абдухолиқов. - Мамлакатимизнинг ҳар бир минтақаси мутасаддилари нафақат тарихимиздаги буюк  шахслар номи билан фахрланиши, балки уларнинг номларини абадийлаштиришга ҳаракат қилиши керак. Ушбу лойиҳалар, шунингдек, кино саноати ходимларини иш билан таъминлашда, муҳими, жараёнга ёш киноижодкорларни жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга. Улар ҳам ўз навбатида хориж киноижодкорлари билан биргаликда тарихий фильмларни яратиш бўйича катта тажриба орттиради.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақидаги фильмни Самарқандда шу йилнинг охиригача суратга олиш режалаштирилган.

Томонлар Широқ ҳақидаги телесериални суратга олишда маслаҳатчи сифатида чет эллик режиссёрларни таклиф қилишга қарор қилишди. Навоий вилоятида фильмни суратга олиш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда. Ушбу вилоят ҳудудида фильмда Широқнинг душманларни адаштиришига мос келадиган саҳролар бор. Шу муносабат билан "Ўзбеккино" ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги ушбу лойиҳада иштирок этиш учун Навоий вилояти ҳокимлиги вакилларини таклиф қилишмоқчи.

Широқ  ҳақидаги телесериалнинг сценарийси ёзувчи ва кинодраматург, 20 дан ортиқ сериал ва бадиий фильмлар сценарийсини ёзган Назар Холиқуловга (Назар Эшонқул) тегишли. "Ўзбеккино" раҳбарияти юқоридаги фильмларнинг режиссёрларини танлов асосида танлаб олишни режалаштирмоқда.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги ахборот хизмати.