Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Назир Муҳаммад Аяд: Мотуридия мактаби башарият цивилизацияси, ислом тамаддуни шаклланишида муҳим ўрин тутади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси Ислом тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан алломаларнинг ислом цвилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзуида онлайн семинар бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раиси, шайх доктор Аҳмад Тоййибнинг 2018 йилда юртимизга амалга оширган ташрифи чоғида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети ўртасида англашув меморандуми имзоланган эди. Унда ҳадис илмининг ривожига беқиёс ҳисса қўшган ватандошимиз Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирларнинг илмий меросини ўрганиш, илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган конференция, семинар, симпозиум, кўргазма ва тренинглар ташкил этиш, икки муассаса ходимларининг ўзаро тажриба алмашиши ва малака ошириши учун кенг шароитлар яратишда ҳамкорлик назарда тутилган.

Мазкур меморандум ижроси доирасида ташкил этилган навбатдаги семинарда Ал-Азҳар мажмуаси Ислом тадқиқотлари институти ҳамда халқаро марказ илмий ходимлари, экспертлар, юртимизнинг 50 нафардан ортиқ олим ва тадқиқотчилари қатнашди.

– Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан буюк алломалар, муҳаддислар  муқаддас динимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшганлар, – деди Ал-Азҳар мажмуаси Ислом тадқиқотлари институти Бош котиби Назир Муҳаммад Аяд. – Жумладан, Имом Абу Мансур Мотуридий аҳли сунна вал жамоанинг буюк алломаларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло ислом динининг соф ақидасини шу улуғ алломанинг илми ва яратган мактаби шарофати билан муҳофаза қилган. Мотуридия таълимоти мактаби инсоният цивилизациясининг ривожланишида муҳим ўрин тутади. Имом Мотуридий нафақат ақида ва илми каломда, балки тафсир, фиқҳ, дин асослари, мантиқ ва қиёсий диншунослик соҳаларида ҳам илмий изланишлар олиб борган етук олим сифатида эътироф этилади. “Таъвилот ал-Қуръон” асари тафсир илмига оид бўлса-да, уни ўқиган киши шаръий, ақлий ва нақлий ҳамда араб тилига оид илмлар жамланганига ҳам гувоҳ бўлади.

Мисрлик олимнинг айтишича, мотуридия мактаби шундай собит ва мустаҳкам таълимотни яратдики, у башарият цивилизациясининг турли даврларида, айниқса, ислом тамаддунининг шаклланиши ва ривожланишида ғоят муҳим ўрин тутди. Хусусан, бугун ислом ақидаларини Имом Мотуридий қаламига мансуб “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Тавҳид” каби асарларсиз мукаммал тасаввур этиб бўлмайди. Алломанинг қиёс, мисол, мантиқ ва мунозара бобидаги юксак тафаккури, турли зид оқимларга раддиялари, ҳатто даҳрийлар билан мубоҳасада муҳолифларни уларнинг ўз сўзлари билан ботилга чиқариш санъати ҳали–ҳануз кўплаб олимлар учун нафақат илм, балки улкан ҳайрат манбаи ҳам бўлиб келмоқда.

Семинарда таниқли исломшунос эксперт, Туркия ислом илмлари академияси раҳбари шайх Аҳмад Даманҳурий Имом Мотуридий каби уламоларнинг илмий мероси ва таълимотини ўрганмаслик Пайғамбардан (с.а.в) узоқлашиш билан баробар эканани қайд этди. Зеро, бу улуғ уламолар каломшунослик, тафсир, ҳадис ва фиқҳ каби илмларни Расули Акрамдан (с.а.в) бизга қадар етказиб келган ришта ҳисобланади.

Аҳмад Даманҳурий Мовароуннаҳр уламоларининг ҳаёти ва илмий меросини ўрганишда юртимизда янада сермаҳсул тадқиқотлар олиб борилишига ишонч билдирди.