Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нурободнинг олис Саҳоба маҳалласи аҳлининг суюлтирилган газга бўлган муаммоси ҳал этилди 

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали табиий ва суюлтирилган газ таъминотидаги муаммоларнинг маҳаллалар кесимида ўрганиш ишларини Нурободдан бошланди.

Мазкур туманда 39 маҳаллада 24 259 та газлаштирилган хонадон мавжуд бўлиб, шундан 5 680 таси табиий, 18 579 таси суюлтирилган газ билан таъминланади. Жорий йил бошидан шу кунгача туманда суюлтирилган газ истеъмолчилари сони 550 нафарга ошди. Шундай бўлишига қарамай, ўрганишлар давомида айрим маҳаллаларда суюлтирилган газга бўлган эҳтиёж борлиги аниқланмоқда.

Саҳоба маҳалласининг Ғўбдин қишлоғи туман марказидан 100 километр узоқликда жойлашган. Вазирлик, тизимнинг қуйи ташкилотлари ҳамда маҳаллий ҳокимлик вакиллари мазкур ҳудудда бўлиб, муаммоларни жойида ўрганиб, ҳал этиш чораларини кўрди. Жумладан, қишлоқда 76 оила истиқомат қилади. Аҳоли билан мулоқотлар чоғида ҳудуддаги 40 хўжаликнинг суюлтирилган газ баллонларига эҳтиёжи мавжудлиги, аммо бугун аъзо бўлиш учун ҳужжатлари тўғрилашда кадастр рақами сўралаётганлиги боис муаммога дуч келаётгани айтилди. Ҳужжатлар иш жараёнида расмийлаштирилиши эвазига Ғўбдин қишлоғидаги 40 хўжаликка маиший газ баллонлари берилди.

Шунингдек, тумандаги 50 та кам таъминланган оилага бепул газ баллонлари тарқатилди. Шарқ юлдузи маҳалласида ўтказилган ўрганишлар чоғида эса газ тармоқларининг сўнгги нуқталарида жойлашган кўп қаватли уйларда газ босими пасайиши кузатилганлиги боис “Nurobodtumangaz” бўлими томонидан ҳудудга битта янги газ тақсимлаш қутиси ўрнатилиб, Д-57 миллиметрли 110 метр қўшимча газ қувурлари тортилди. Натижада маҳаллада табиий газ таъминоти яхшиланди.

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ахборот хизмати.