Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўғлини 5 миллион сўмга сотмоқчи бўлган аёл ушланди

Денов туманида жорий йил 21 январь куни соат 18:00 да ички ишлар ходимлари томонидан одам савдосига қарши тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Ўтказилган тадбир давомида Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод туманида яшовчи, 27 ёшни қаршилаган Х.С. қарамоғидаги 2 ёшу 7 ойлик ўғлини туманнинг «Баҳористон» маҳалласи ҳудудида жойлашган ошхоналарнинг бирида 5 миллион сўмга сотаётган вақтида, далилий ашёлар билан қўлга олинди.

Хабарда айтилишича, Х.С. исмли аёл пулларни олганидан кейин, келажакда фарзандини умуман изламаслигини, унга фарзанди керак эмаслигини такрор ва такрор таъкидлаган. ИИВ ходимларининг хулосасига кўра, “Х.С. билан суҳбатлашилганда, унинг на сўзида, на юз-кўзида афсусланиш аломатларидан асар ҳам йўқ”.

Х.С.га нисбатан 2020 йил 3 февраль куни Денов тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.