Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Оила муносабатларини тартибга солувчи нормалар нималардан иборат?

Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсида ташкил этилган навбатдаги давра суҳбати айнан шу мавзуга қаратилди.

Ўқув курси ходимлари, тингловчилар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари иштирок этган тадбирда сўз олганлар Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг мазмун-моҳияти, оила муносабатларини тартибга солувчи нормалар, Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясига тўхталдилар.

Таъкидландики, барча фуқаролар оилавий муносабатларда тенг ҳуқуқларга эга. Никоҳ тузиш чоғида жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи ҳамда бошқа ҳолатларга қараб, ҳуқуқларни муайян тарзда бевосита ёки билвосита чеклашга ва афзалликлар белгилашга ҳамда оилавий муносабатларга аралашишга йўл қўйилмайди.

Она ва бола манфаатларини муҳофаза қилиш аёлларнинг меҳнати ва соғлиғини сақлашга доир махсус тадбирлар кўриш, меҳнатни оналик билан боғлаб олиб бориш учун аёлларга шароит яратиш, оналик ва болаликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўли билан таъминланади.

Оила тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган оила аъзолари ўртасидаги мулкий ва шахсий номулкий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари оилавий муносабатларнинг моҳиятига зид келмаган тақдирдагина қўлланилади.

Қонун ҳужжатларида оилавий муносабатларни тартибга солишга оид тегишли нормалар бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тамойилларига зид бўлмаган маҳаллий урф-одат ва анъаналарга таянилади.

Қизғин савол-жавоб тарзида ўтган давра суҳбатида миллий қадриятларимизнинг оила мустаҳкамлигини таъминлашдаги ўрни ва роли хусусида атрофлича фикр алмашинди. Анъана ва қадриятларимизнинг бардавом бўлиши, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитнинг мустаҳкам бўлишида маҳалла фаоллари олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритилди.

Ё.ГАДОЕВ.