Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқитувчилар учун психологик саломатлик кунлари ташкил этилади

Самарқандда ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази, Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ва “Nova” психология маркази ҳамкорлигида туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари психологик-педагогик ташхис шўъбаларининг етакчи мутахассислари учун ўқув-семинарлар ташкил этилди.

Семинарда бугунги кунда мактабларда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқитувчининг ўз фаолиятига ижодий ёндашиб, илғор ғоя ва ташаббусларини татбиқ этишида уларга психологик ёрдам кўрсатиш масалаларига эътибор қаратилди.

Мутахассислар Булунғур тумани мактабларидаги 3379 ўқитувчининг касбий фаолиятга тайёргарлигини аниқлаш мақсадида улардан

 rppm.uz иловаси орқали тест олди. Rppm.uz орқали олинган уч босқичли тест жараёнлари якуний хулосасига кўра, ўқитувчиларда педагогик ва методик тайёргарлик етарли бўлса-да, баъзиларида психологик салбий омиллар инновацион фаолиятига ва таълим сифатига таъсир кўрсатаётгани маълум бўлди.

Ушбу муаммодан келиб чиққан ҳолда педагоглар учун психологик саломатлик кунларини ташкил этиш, коррекцион дастурлар ишлаб чиқиш, касбий стресс эмоционал сўниш ҳолатлари профилактикаси ва коррекциясига қаратилган тадбирлар ўтказиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Ушбу тадбирларни ташкил этиш тартиби, эътибор қаратиладиган муҳим жиҳатлар ҳақида тавсиялар берилди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.