Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқитувчининг ҳақини “еб кетиш” мумкинми?

Умуман, унга берилиши шарт бўлган маблағни кечиктиришни қандай баҳолаш мумкин?

Адлия вазирлиги сайтига Самарқанд шаҳридаги 48-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Мадина Отақулова йўллаган мурожаат ана шундай саволларнинг туғилишига сабаб бўлди.

Мурожаатда қайд этилишича, М.Отақулова 2019 йил августь ойида ҳомиладорлик ва туғруқ таътилига чиққан. Аммо унга 2020 йилнинг февралигача ҳомиладорлик ва туғруқ нафақаси тўланмаган. Табиийки, тоқати тоқ бўлган муаллима Адлия вазирлигига мурожаат қилган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Меҳнат кодексининг 233-моддасига биноан, аёлларга туққунга қадар 70 календарь кун ва туққанидан кейин 56 календарь кун (туғруқ қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда – 70 календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.

Мурожаат Самарқанд шаҳар адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш мобайнида шаҳар халқ таълими бўлими марказлашган ҳисобхонаси ходимлари томонидан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2002 йил 1 апрелдаги 21-сон буйруғи билан тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги ҳамда Молия вазирининг 2010 йил 5 февралдаги 10-сон буйруғи билан тасдиқланган “Бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа, фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой коммунал хизматлари ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик компенсация пул тўловлари ҳамда бола туғилганида бериладиган бир йўла нафақани тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари қўпол равишда бузилганлиги аниқланди.

Негаки, қайд қилинган Низомга асосан нафақа ҳисобот ойидан кейинги ойнинг иккинчи ярми учун бериладиган иш ҳақи билан бирга тўланиши белгилаб қўйилган. Ҳолатдан келиб чиқиб, қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди.

Натижада мурожаат муаллифига 8 миллион 661 минг сўм ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлиқ тўлаб берилди.

Н.КАМИЛОВ,

Самарқанд шаҳар адлия бўлими бошлиғи.