Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқув йилини ижобий якунлаб, янги ўқув йилига муносиб тайёргарлик кўриш лозим

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ўтказилган навбатдаги онлайн йиғилишда ушбу масалалар муҳокама қилинди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов раҳбарлигида ZOOM дастури орқали ўтказилган навбатдаги онлайн йиғилишда туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари мудирлари, бошқарманинг бўлим бошлиқлари иштирок этди.

Унда кун тартибидаги масалаларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2020 йил 20 майдаги “Умумий ўрта таълим мактабларида 2019-2020 ўқув йилини якунлаш ҳамда ўқувчиларни аттестат (шаҳодатнома) билан таъминлаш тўғрисида”ги буйруғида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, ўқувчиларни синфдан синфга кўчириш, битирувчиларга аттестат, шаҳодатнома ва сертификатларни мактабларга ўз вақтида етказиш бўйича вазифалар ҳақида сўз борди.

Онлайн йиғилишда тизимдаги бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлган битирувчиларни олий таълим муассасаларига қамраб олиш, ўтган ўқув йилида бу борада йўл қўйилган камчиликлар муҳокама этилди.

— Ўтган ўқув йилида 11-синфни битирган ўқувчиларнинг бор-йўғи 30 фоиздан ортиқроғи олий таълим муассасаларига ўқишга кирди, — деди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов. — Ўндан ортиқ ОТМга эга вилоятда ўқувчиси олийгоҳга ҳужжат топширмаган мактаблар сони ҳам кўп бўлди. Шунинг учун ҳам республикада Самарқанднинг таълим сифати ва самарадорлиги бўйича нуфузи тушиб кетди. Жорий йил эса бундай хато ва камчиликка йўл қўйилмайди. Мактабларни битираётган 53 минг 500 нафардан ортиқ битирувчиларнинг барчаси ОТМга ҳужжат топшириши шарт. Бугун имкониятлар тобора кенгаймоқда. Бўлғуси талабалар учун яратилиб, бепул фойдаланиш йўлга қўйилган abt.uz, dtm.uz, ilm.uz, test.tdi.uz каби сайтларнинг имкониятларидан битирувчиларнинг унумли фойланиши кенг тарғиб қилиниши лозим. Бундан буён мудирдан тортиб, мактаб директори ва педагогик жамоанинг фаолиятига улар таълим-тарбия берган ўқувчининг ОТМга ўқишга кириши билан баҳо берилади, шунга қараб хулоса қилинади.

Кун тартибига мувофиқ, умумтаълим муассасаларини ўз вақтида янги ўқув йилига шай ҳолатга келтириш, ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланишини қатъий назоратга олиш, педагогларнинг малака ва тажрибаси, билимини ошириш масалалари доимий равишда эътибор марказида бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Онлайн йиғилишда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Ғайрат Бобохолов сўзга чиқиб, таътил давомида Халқаро баҳолаш дастурларига пухта тайёргарлик кўриш, таянч мактабларнинг фаолиятини қайта кўриб чиқиш, ўқитувчиларнинг халқаро дастурларга тайёргарлигини ташкил этиш, малака ва тажрибасини ошириш бўйича тавсияларини берди.

С.Усмонов йиғилиш давомида халқ таълими тизимидаги баъзи иллатлар, йилдан-йилга кўчиб келаётган камчиликларга ҳам тўхталиб ўтди.

— Вилоятда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш йўлида бор салоҳиятимиз, тажриба ва малакамизни сафарбар этишни жуда-жуда хоҳлаймиз. Аммо йиллар давомида бу соҳада илдиз отиб келган иллатлар туфайли, тизимдан халқимизнинг, жамоатчиликликнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлаётган камчиликлар туфайли асосий вақтимиз шикоятларни кўриб чиқиш ва йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш билан ўтяпти, — деди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов. — Айрим директорлар мактабдаги таълим-тарбия жараёнларини назорат қилиш, ўқитувчининг билимини, малакасини текшириб, уни ўз устида ишлашга ундаш, мактабнинг нуфузини ҳар томонлама кўтаришда ташаббусларни илгари суриш ўрнига, масъулиятни унутиб, лавозимни ўзида сақлаб қолиш тараддуди етакчилик қилади. Халқ фарзандининг таълим-тарбияси, келажагини ўйлаб, доим илдам ҳаракат қиладиган директорнинг ҳурматини жойига қўямиз. Агар у ўз вазифасини бажармаётган бўлса, бундай директорларни ўрнида сақлаб туришнинг фойдаси йўқ.

Ўқувчилар учун ёзги таътилни пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда, мазмунли ташкил этиш, ёзги болалар оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш ишларини якунлаш, ўтган куз-қиш мавсумида келиб чиққан муаммолардан хулоса қилган ҳолда, ҳозирданоқ туман ва шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда таълим муассасаларини мавсумга тайёрлаш, муаммоларни ўз вақтида олдини олиш бўйича халқ таълими бўлими мудирларига бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Онлайн йиғилиш сўнггида вилоят халқ таълими тизимидаги муаммоларни ҳал этиш ва муҳим вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш, ортиқча вақт сарфлаш ва сарсонгарчиликнинг олдини олиш мақсадида худди шундай йиғилишларни тез-тез ташкил этишга келишиб олинди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.