Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўтмиш олигархлари бугунги миллардерлардан анча бадавлат бўлган

Бугунги давр миллиардерлари Билл Гейтс ёки Уоррен Баффет инсоният тарихидаги энг бадавлат инсонлардек туюлади. Аммо улар йиққан маблағлар ўтмиш олигархлари бойлиги олдида ҳеч нарса эмас.

Искандар Зулқайнар (Александр Македонский), Чингизхон каби тарихий шахслар, Рим императорлари, Миср фиръавнларининг беҳисоб бойликка эга бўлгани ҳақида кўп эшитганмиз. Аммо уларнинг хазинасини ҳисоблаб чиқишнинг ўзи бугун амри маҳол.

Business Insider ва архив хужжатларини текшириб, юз йиллар давомида содир бўлган инфилляция даражасини ҳисоблаб чиққан нашрлар ўтказган тадқиқотларга таяниб, Сизни сўнгги минг йилликнинг энг бадавлат шахслари билан таништирамиз.

10. Корнелиус Вандербильт ($ 185 миллиард)

Америка тарихидаги энг машҳур тадбиркорлардан бири. У 1800-йилларда темир йўл қурилиши ва кемасозлик йўналишлари қуриш билан шуғулланган. Унинг бойлиги тахминан 185 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган. Тадбиркор бу бойликнинг асосий қисмини фуқаролар урушидан кейин, ўзининг темир йўл салтанатини кенгайтирганидан сўнг тўплаган.

9. Генри Форд ($ 199 миллиард)

Америка бизнеси устунларидан бири. Тадбиркорнинг шахсий капитали 199 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган. У автомобильсозлик саноатига инқилобий ёндашуви билан танилган. Ўз ходимларига ўша давр талабидан ортиқ иш ҳаққи тўлаган, арзон нархларда автомобиллар ишлаб чиқариш усулини қўллаган. Бунинг натижасида оддий аҳоли ҳам автомобиль харид қилиш имкониятига эга бўлган.

8. Муаммар Каддафи ($ 200 миллиард)

Каддафи 42 йил Ливияга ҳукмронлиги давомида 200 миллиард долларга тенг маблағ йиққан.

Зиддиятли сиёсатчи бўлишига қарамасдан, у ўз мамлакати ривожи учун катта ишлар қилган. Хусусан, чўл ҳудудлари, Ливия соҳилларини ичимлик суви билан таъминлайдиган Буюк дарёни қурдирган. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, бу инсоният тарихидаги энг йирик суғориш лойиҳаси бўлиб, натижада кунига 6,5 миллион куб ичимлик суви етказиб бериш йўлга қуйилган.

2011 йилги фуқаролар уруши даврида Каддафи ҳукумати ағдарилган.

7.Фатҳ этувчи Вильгельм ($ 209 – 229 миллиард)

Турли ҳисоб-китобларга кўра, Вильгельмнинг давлати 209 миллиарддан 229 миллиард долларгача бўлган. 1066 йилда Норманд босқинидан кейин Вильгельм Англиянинг биринчи қироли бўлди. Вильгельм ҳукмронлиги мамлакат ривожи учун йирик натижалар келтирди. У ягона Англия қироллигига асос солди, армия ва флот ташкил қилди, тош қалъалар барпо эттирди. Улардан энг машҳури 1078 йилда қурилган машҳур Тауэр қалъасидир.

6. Якоб Фуггер ($ 221 миллиард)

Фуггер эҳтимол рўйхатдаги қўшнилари каби таниқли эмасдир. Бироқ у савдо ва банк фаолияти туфайли 221 миллиард долларга тенг бойлик йиғишга муваффақ бўлган. Якоб Фуггер 1459 йилда таваллуд топган ва 1525 йилда Аугсбургда (Германия) вафот этган. Асосий даромадини у асосан Италиядаги тўқимачилик маҳсулотлари савдосидан, шунингдек, Венгрия ва Богемида кумуш ва олтин қазиб олиш ҳисобидан олган.

5. Мир Осман Али Хан ($ 230 миллиард)

Сиз Мир Осман Али Хан каби исмни эшитмаган бўлишингиз мумкин. Аммо бу шахс шубҳасиз дунёда яшаб ўтган энг бой одамлардан бири ҳисобланади. Ҳиндистондаги Ҳайдаробод хонлигининг ҳукмдори бўлган Али Хан ўз бойлигини 230 милиард долларгача етказган. 1911 йилда отасининг ўлимидан сўнг у Ҳайдарободга ҳукмрон бўлди ва 37 йил ҳукмронлик қилди. У минтақада таълим, электр ва темир йўлларни ривожлантирди.

4.Николай Александрович Романов ($ 300 миллиард)

Руснинг сўнгги қироли Николай Александрович Романовнинг бойлиги 300 миллиард доллар қийматида баҳоланади. У феодал мулки ҳисобланган ерларидан, саноат ва савдо улушидан даромад олган. Тарихчиларнинг таъкидлашича, “Николай II рус православ черкови томонидан авлиё (святой) деб эълон қилинди ва инсоният тарихидаги энг бадавлат авлиё сифатида танилди”.

3. Эндрю Карнеги ($ 310 миллиард)

Карнеги ниҳоятда бой ва нуфузли саноатчи сифатида XIX аср ўрталарида танилди. У Шотландияда камбағал оилада туғилган. Унинг оиласи 1840 йил охирида АҚШга кўчиб келган. Бир қатор корхоналарга муваффақиятли сармоя киритганидан сўнг Карнеги 310 миллиард долларга тенг бойликка эга U.S.Steel пўлат компаниясига асос солди. У мол-мулкининг кўп қисмини турли хайрия ва эҳсон тадбирларига сарфлаган. Шу боис уни дунёнинг энг сахий инсонларидан бири сифатидан ёдга олишади.

2. Жон Рокфеллер ($ 340 миллиард)

Жон Рокфеллернинг номи Америка тарихида чуқур илдиз отган ва унинг бойлиги 340 миллиард долларга баҳоланган. 1839 йилда Нью-Йоркда таваллуд топган Рокфеллер Standard Oil нефть корпорациясининг асосчиларидан бири саналади. Рокфеллер ҳам ўзининг сахийлиги билан машҳур бўлган. У ҳаёти давомида 2 та коллеж, Чикаго ва Рокфеллер университетларига асос солган. Тадбиркор 1937 йил 97 ёшида вафот этган.

1. Манса Муса ($ 400 миллиард)

Ер юзида ҳаёт кечирган энг бадавлат инсон Манса Мусо ёки Малилик Мусо I эди. Мали империясининг ҳукмрон императори Муса замонавий пулга ҳисоблаганда 400 миллиард АҚШ доллари қийматидаги мол-мулк эгаси бўлган. Муса 1280 йилда туғилган. 1337 йилгача тақводор мусулмон бўлиб ҳаёт кечирган. У Африка бўйлаб кўплаб таълим марказлари ва масжидлар бунёд қилдирган.

Таъкидлаб ўтамиз, ҳозирги кунда ҳаёт кечираётган энг бадавлат инсон - Amazon корпорацияси асосчиси Жефф Безос бўлиб, унинг бойлиги 131 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Бадавлат инсонлар рўйхатининг иккинчи ўрнидан жой олган Microsoft корпорацияси асосчиси Билл Гейтс тўплаган маблағ қиймати эса 96,5 ммиллард долларга тенг.