Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонда аввал учрамаган ҳайвонлар илк бор тузоқ камерага тушди

Ўзбекистонда аввал учрамаган ҳайвонот турлари илк бор тузоқ камера нигоҳига тушиб қолди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. “Оролбўйида чўл экотизими янги ҳаётини бошламоқда ва бу ерга аввал Ўзбекистоннинг ҳеч қаерида қайд қилинмаган янги ҳайвонот турлари учрамоқда. Устюрт саҳросидаги “Сайгачий” мажмуа ландшафт қўриқхонаси ҳудудларида қурилган тузоқ камераларга Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган ғаройиб ҳайвонлар ва қушлар тушиб қолган.

Марказий Осиё чўл ташаббуси (CADI) лойиҳаси эксперти, биология фанлари номзоди Наталья Мармазинская ўзининг фэйсбукдаги саҳифасида улашган маълумотга кўра, Марказий Осиё чўл ташаббуси (CADI) лойиҳаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган дала тадқиқот ишларида Ўзбекистонда кам учрайдиган ҳайвонот турларининг Устюртда пайдо бўлганига гувоҳ бўлган.

Ўзбекистон учун янги тур – оддий лазоревка (Cyanistes caeruleus) қушини айнан Устюртда суратга олишга муваффақ бўлган.

“Бу қуш Европа учун одатий бўлган қуш тури. Лекин Ўзбекистонда аввал ҳеч қаерда қайд этилмаган. Ушбу топилмалар Ўрта Осиё чўл экотизимларининг флора ва фаунанинг турли вакиллари ҳаёти учун аҳамиятли эканлигини англатади”, дейди у.

Лойиҳада 2019 йил апрел ойида “Сайгачий” мажмуа ландшафт қўриқхонаси ва Қўнғирот давлат ўрмон ва овчилик хўжалиги ҳудудида дала тадқиқот ишлари ўтказилган ва натижага кўра, биологик хилма-хиллик даражаси юқори бўлган ҳудудлар аниқланган, экотизимлар ва турларнинг ҳозирги ҳолати тўғрисида маълумотлар олинган.

2019 йил ноябрь ойи бошида лойиҳа гуруҳи “Сайгачий“ мажмуа ландшафт қўриқхонаси инспекторлари билан биргаликда Устюртда ушбу қўриқхонага қарашли асосий ландшафтлари бўлган Дуана, Жидели, Алмамбет, Чурук, Белеули ҳудудларида 10 та камера ўрнатдилар. Камера тузоқлари ишининг дастлабки натижалари 8 турни ташкил этди. Улардан 2 тури (туркман каракали ва корсак) Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.