Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистоним

Харитага ташлайман назар,

Не-не юртлар ястаниб ётар.

Ҳар бирида минг бир синоат,

Музликда ҳам одамзот яшар.

Ким гиёҳсиз юртин улуғлар,

Ким қуёшсиз юртин қадрлар.

Нечун сендай суюк юрт учун,

Юрагимда тўлмас фахрлар.

Ўзинг менинг жаннатмаконим,

Она юртим - Ўзбекистоним.

                                           

Кечмишингдан кўзим қамашар,

Сўзлай десам сўзим қамашар.

Топталса-да тарихинг минг бор,

Бори - бугунингга ярашар.

Ким сен ҳақда чўпчак тўқиди,

Ким ўтмишинг чаппа ўқиди.

Мозийингга қора тортиб ким,

Туҳматлару лофлар тўқиди.

Эслаганда ортар фиғоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

                

Ҳусни мулкинг кўпни ром этди,

Не ғанимлар сенга кўз тутди.

Искандар-у Чингизхон бўлиб,

Қон қақшатиб, қалбингни титди.

Босқинчилар қилич қайради,

Ҳалқинг йиғлаб, душман яйради.

От сурганда Боту, Жўжилар,

Боғларингда зоғлар сайради.

Ситамлардан дили афғоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

 

 

Ким ҳам севмас ўз Ватанини,

Аямасдан жону танини,

Мардлар қўлга қурол олдилар,

Асраш учун юртин шаънини.

Афсонавий Тўмарис, Широқ,

Эл қалбига ёқолди чироқ.

Спитамен, Муқанна ёвни,

Қон қақшатди, толмади бироқ.

Мангу тирик мард паҳлавоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

            

Жалолиддин кирганда жангга,

«Сичқон» ини бўлди минг танга.

Омон чиқиб ажал комидан,

Кўп яради юртга, Ватанга.

Амур Темур - енгилмас ҳоқон,

Жаҳолатнинг ўткир тиғига,

Адолатни айлади қалқон.

Фахрим менинг соҳибқироним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

 

Бешик бўлдинг неча зотларга,

Қанча илм-у, таълимотларга.

 Ҳар қаричинг сирли оламдай,

Тўла ноёб маълумотларга.

Қўлларида қилич-у, қалам,

Юрагида севинч-у, алам.

Шамширидан ёвлар пойида,

Қаламидан тиз чўкди олам.

Илму - марифатга ошёним,

Она юртим - Ўзбекистоним.  

 

Ким ялонғоч ўрмон кезарди,

Кимдир тоғда ғорин қазарди.

Қойил қилиб дунёни, ўғлинг,

Бунда «Ал-Жабр»ни ёзарди.

Буюк Сино «Тиб қонунлари»,

Хоразмнинг илм Маъмунлари,

Лол этганда жумла жаҳонни,

Мудроқ эди ғарб Дарвинлари.

Ақли теран - сен билимдоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

                

Ўтди қанча-қанча донолар,

Сўзларида олам маънолар.

Ат -Термизий, Нақшбандийлар,

Йўқдан борни қилди бинолар.

Ҳадис илмин яратган ўзинг,

Қалбларга нур таратган ўзинг.

Ал-Бухорий ёққан машъалга,

Дунёни лол қаратган ўзинг.

Қўли ишда, қалбда Қуръоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

 

Халқим тилин нўноқ билдилар,

Кўзи ёпиқ булоқ билдилар.

Туркий тилда битилган битик,

Равон эрса, оқсоқ билдилар.

Мир Алишер - назмда султон,

Ўксик тилга бера олди жон.

Забонини камситганларни,

«Хамса»сила айлади ҳайрон.

Шундан буюк туркий забоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

 

Дунёда бор турли таълимот,

Самоларда изларди ҳаёт.

Минг тахмин-у, минг бир гумонлар,

Беролмасди бирор маълумот.

Не донолар самога шошди,

Сайёралар инсондан қочди.

Галилейдан олдин Улуғбек,

Фалакиёт сирларин очди.

Юлдузларга тўла осмоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

 

Қай даврдан сўзлайин, айтинг,

Ё уйғониш, ё ҳазон пайтинг.

Яссавийдан сўзлаб берайми?

Таърифига етарми байтинг.

Берунийлар, Марғинонийлар,

Мотуридий, ал-Фарғонийлар,

Мерослари бебаҳо бойлик,

Даркор эмас ғирром «ҳомийлар».

Аждодларим шарафим, шаъним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

                        

Ҳиндда Бобур чекканида ғам,

Машраб дорга осилганда ҳам,

Яратишдан толмадинг сира,

Юксалишдан тинмадинг бир дам.

Тинчимадинг ва олға босдинг,

Эрк йўлида дарёдай тошдинг.

Гоҳи Беҳзод, гоҳ Бедил бўлиб,

Озодликка талпиндинг, шошдинг.

Кўнгли ярим, лек бут имоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

                   

Сабр-бардош бўлди овунчинг,

Ғамга қориш бўлди севинчинг.

Беш минг йиллик тарихинг гувоҳ,

Кўп кўрдилар жиндек қувончинг.

Ёвни қувиб, ёвга тутилдинг,

Минг қопқон-у, ғовга тутилдинг.

«Қизил иблис» аталмиш ўпқон,

Еса тўймас девга тутилдинг.                          

Балоларга кўкси қалқоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.                    

                                                                  

Қодирийнинг «Ўтган кунлари»,

Ўтмишингнинг қаро тунлари.

Оҳ, бегуноҳ Усмон Носирнинг,

Тинчлик бермас менга хунлари.

Зор йиғлади неча ўғлонинг,

Минглаб Фитрат, минглаб Чўлпонинг.

Яйловини мақтаса, ҳатто,

«Халқ душмани» бўлди чўпонинг.

Сибирларда дарбадар жоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

              

Салла деса калланг узилди,

Уйда кую, алланг узилди.

Ватан сўзин баралла айтсанг,

Пешонангга ажал ёзилди.

Бошга дўппинг қўёлмай қолдинг,

Хон атласинг киёлмай қолдинг.

 Ихтиёринг кетиб қўлингдан,

Қуллигингдан уялмай қолдинг.

Томигача пахта майдоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

 

Не кунларни кўрмади бошинг,

Ёмғир бўлиб оқди кўз ёшинг.

Бойлигингни елга совуриб,

Қолдирмади тоғдаги тошинг.

Қаро кунлар азобин тортдинг,

Офтоб бўлиб, чиқмасдан ботдинг.

Уй тўрини ўзгага бериб,

Пойгакларда мудрабон ётдинг.

Ўз уйига ўзи меҳмоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.  

 

Кун кетидан кунлар ўтарди,

Юрт қаҳрини ичга ютарди.

Меҳрин бериб она заминга,

Халқим нурли кунни кутарди.

Кутар эди интиқ, интизор,

Сақлаганча қалбда номус, ор.

Эсар эди ҳурлик шамоли,

Истиқлолдан бергандек хабар.

Катта йўлда кетар карвоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

 

Йигирманчи аср сўнгида,

Инсоният кўзи ўнгида,

Мустақиллик нури балқиди,

Сентябрнинг оппоқ тонгида.

Армонлари ушалди элнинг,

Орзулари қонди ҳар дилнинг.

Иқболига паёндоз ёзди,

Бахтга элтар, шу порлоқ йўлнинг.

Борар ери – юксак довоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

 

Тангри тало йўлинг ёритди,

Хизр бобо қўлингдан тутди.

Зулмат аро топталган юртда,

Мустақиллик тонглари отди.

Тотли кунлар келди элингга,

Қувонч сиғмас ўксик дилингга.

Юракларда жўшиб туйғулар,

Эрк байроғин олдинг қўлингга.

Ушалмоқда асрий армоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.                                         

 

Осмонўпар чинорларинг бор,

Кўркингга кўрк минорларинг бор,

Регистон-у, Ичанқаълада,

Минг бир сир-у, асрорларинг бор.

Афросиёб, кўҳна Кеш гувоҳ,

Ким тикмади Шошингга нигоҳ.

Тарих ҳукми ўзи бир сабоқ,

«Огоҳ бўлгин, бўл доим огоҳ».

Сарҳадларда сергак посбоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

               

Истиқболинг кўролмаслар бор,

Ҳолингни бир сўролмаслар бор.

«Дўстман» дея, оғир дамингда,

Кунингга бир яролмаслар бор.

Садағаси ўзига сийлов,

Душманнинг энг кичиги ҳам ёв.

Ҳурлигингга кўз тикканларни,

Додин бергин, бўлгин беаёв.

Дўстга дўст-у, ёвга ёмоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

 

“Эрким” дединг тилинг кесилди,

Имконларинг, қўлинг кесилди.

Не ажабки, ҳурлик замонда,

Танлаганинг - йўлинг тўсилди. 

Иймон дарахтига ўт тушди,

Адолатнинг қўрғони кўчди.

Тадбирлининг пойида тушов,

Нокасларнинг “кетмони учди”.

“Жаслиқ”ларда тўкилган қоним,

Она юртим Ўзбекистоним. 

 

     Кўкда қуёш балқиди яна,

Турон замин қалқиди яна.

Буюк Амир Темурдан кейин,

Юрт ҳоқонга ёлчиди яна.

Шижоати, ғайрати бўлак,

Суратию сийрати бўлак.

Қароғида асраб, авайлаб,

Танги ато этган Шерюрак.

Юксалмоқда Шавкатим - шоним,

     Она юртим - Ўзбекистоним.

    

Мухбир укам, ўнг-у, сўлга боқ,

Кўприклар-у, равон йўлга боқ.

Қад кўтарар кўркам бинолар,

Қадамингда учрар боғу-роғ.

Инглизча талаффузингдан,

Сохта кулиб турган юзингдан,                 

Бир маънони уққандай бўлдим,

Беписандроқ боққан кўзингдан,

Бўҳтонлардан боши омоним,

Она юртим – Ўзбекистоним.

                      

Буюк эдинг - буюк бўлиб қол,

Сени кутар бахтли истиқбол.

Юксакларни қучганингда ҳам,

Шарқда машъал, суюк бўлиб қол.

Жаҳон узра номинг ёйилсин,

Доим ғолиб шонинг ёйилсин.

Қардошларинг қатори тўлиқ,

Душманларинг кўзи ўйилсин.

Ўзинг менинг жон-у, жаҳоним,

Она юртим - Ўзбекистоним.

                   

Порлайверсин кўкда қуёшинг,

Омон бўлсин шу азиз бошинг.

Тинчлик, меҳнат бўлсин шиоринг,

Юз минглардан ошса ҳам ёшинг.

Гулла, яшна, иқболинг кулсин,

Хирмонларинг ҳосилга тўлсин.

Шу муқаддас, гўзал заминга, 

Фақат файз-у, барокат келсин.

Балқир менинг давру-давроним,

Она юртим – Ўзбекистоним.        

 

                  Комил Синдаров

                  2005-2019 йиллар