Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Паст Дарғомда пахта йиғим-терими бошланди

Пахта хомашёсини нест-нобуд қилмасдан, ёғингарчилик кунларга қолдирмай йиғиштириб олиш масъулиятли вазифа саналади. Паст Дарғом тумани далаларида пишиб етилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари бугундан бошланди.

Жорий йилда туманда 311 та фермер хўжаликлари томонидан 16 минг 949 гектар майдонга чигит қадалиб, пахтакорлар томонидан мўл ҳосил олиш учун зарур бўлган агротехник тадбирлар асосида парвариш қилинди. Мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида туманда 373 та терим отряди ташкил қилиниб, уларга 30 мингга яқин теримчи жалб этилди. Теримга жалб этилаётганлар кластер ва фермер хўжаликлари ишчилари ҳамда кўнгиллилардан иборат.

Биринчи пахта карвони тумандаги кластер усулида ғўза парваришлаган “Самарқанд камалак инвест” масъулияти чекланган жамиятига қарашли қабул пунктига келди.

Пастдарғомликлар  бу йил 45 минг тоннага яқин пахта хомашёсини йиғиб олиб, қабул пунктларига топширишни мўлжалламоқда. Бунинг учун зарур шароит яратилган, ҳосилни ташиш учун етарли техника воситалари шай ҳолатга келтирилган.

“Бобур” муқобил машина трактор парки ҳудудида жойлашган “Раҳимжон Хуршид Элдор боғи” фермер хўжалиги жорий йилда 27 гектар майдонда ғўзанинг “Омад” навини парваришлаб, мўл ҳосил етиштирди. Айни пайтда етиштирилган ҳосил териб олинмоқда. Фермер хўжалиги жорий йил ўртача ҳосилдорликни 55 центнерга етказишни мақсад қилган.