Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Паст Дарғомда қайнонасини ўлдириб, жазодан қочиб юрган куёвга ҳукм ўқилди

Моҳинисо (исм-фамилиялар шартли) асли юриш-туриши бежо Аслиддинни “одам” қиламан, деб адашганди. Қисматида бор экан, турмуш ўртоғига қараб ўтирмай, рўзғорини бутлаш мақсадида хорижга кетмаганида балки...

Воқеа 2006 йил Паст Дарғом туманида бўлган. Ўша куни ҳам соат ўн бўлишига қарамасдан, кечаги кайфи тарқамаган Аслиддин тўшакда чўзилиб ётарди. Эшикнинг кетма-кет тақиллашидан эриниб ўрнидан турди. Қайнонаси келган экан.

- Ҳой куёв бола, бу қизим бечора бирим икки бўлсин, деб Россияда изиллаб юрибди, бу нима аҳвол, - кириши билан баланд овозда насиҳат бошлаган қайнона дарров “жавоби”ни олди.

- Уйингизда тинчгина ўтирсангиз бўлмайдими, каллаи саҳарлаб тинчимни бузганингиз етмагандек, энди тергашингиз етмай турувди.

Қизидан келган пул камлик қилгандай, уйидаги нарса-буюмларни ҳам арзон гаровга сотиб, спиртли ичимликка ружу қўйган куёвнинг гапи қайнонага оғир ботди. Шу боис у бор заҳрини тўкиб солди. Аслиддин ҳам жим ўтиргани йўқ, қайнонасидан ошиб тушди.

Аламига чидай олмаган қайнона коса билан куёвининг юзига уриб юборди. Бундан ғазабланган Аслиддин қайнонасини қасддан ўлдириш ниятида Мастура онанинг юзи, бурни ва жағ соҳаларига бир неча маротаба урди. Қайнонасининг кучли зарблардан йиқилиб, оғир тан жароҳати туфайли изтироб чекаётганини англаса ҳам Аслиддин ўзининг жиноий мақсадини охирига етказишга уринди ва ожиз аҳволдаги Мастура онани тепкилай  бошлади.

Олган оғир тан жароҳатлари оқибатида Мастура она ҳодиса жойида вафот этади. Шундан сўнг Аслиддин кийимларини алмаштиради ва уйни қулфлаб ҳодиса жойидан яширинади. Фуқаролик паспортига эга бўлмагани боис айланма йўллар орқали Қозоғистон Республикасига ўтиб кетади. 2014 йил давлат чегараларини кесиб ўтиш қоидаларини такроран бузиб, ота-онасининг уйига келади. Қидирилаётганидан хабар топгач, яна айланма йўллар билан Қозоғистонга қайтади.

Халқимизда “Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деган нақл бор. Аслиддин ҳам бунинг нақадар ҳақ гаплигига ўз тақдири мисолида гувоҳ бўлди.

Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг очиқ суд мажлисида унга 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ғ.НЕГМАТОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси.