Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пайариқда мактаб директорларининг 8 нафари лавозимидан озод этилди, 21 нафарига “ҳайфсан” берилди

Жорий йилнинг 27 ва 28 ноябрь кунлари Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳи умумтаълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнларининг ташкил этилиши, мактаб директори ва ўринбосарларининг фаолияти ҳамда куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарликнинг ҳолатини ўрганиш мақсадида Пайариқ туманида бўлди.

Туман ҳокимлигида ҳокимлик ва бошқарма раҳбар-ходимлари, мактаб директорлари ва ўринбосарлари иштирокида ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ўтган икки ўқув йилида тумандаги 7 та - 28-, 33-, 43-, 49-, 52-, 70- ва 82-мактабларнинг бирорта битирувчиси ОТМга ўқишга кирмаган. 2019/2020 ўқув йилида эса ушбу мактаблар билан биргаликда яна 9 та - 4-, 27-, 31-, 36-, 46-, 55-, 60-, 66-, 91-мактабларнинг ҳам битирувчилари талабаликка тавсия этилмаган. Ўртача 50 нафаргача битирувчиси бўлган 8 та мактабнинг 1 нафардан битирувчиси ОТМга ўқишга кирган.

Муҳокама жараёнида мактабда таълим сифати ва самарадорлигига лоқайдлик билан қараган, ўзибўларчилик кайфиятида ишлаб келган мактаб директори ва уларнинг ўринбосарларидан мазкур салбий ҳолатга изоҳ сўралди. Баҳоналарнинг охири кўринмади. Аммо ўқувчининг 11 йиллик умри зое кетишига сабабчи бўлган баъзи мактаб директорлари лавозимидан озод этилди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳининг тумандаги 52 та мактабда олиб борган ўрганишларида мактабларнинг директорлари ва уларнинг ўринбосарлари мактабдаги таълим-тарбия жараёнларини назорат қилиши, ўқитувчиларнинг дарсларини таҳлил этиши, синф журналларининг юритилиши, шунингдек, ўқувчиларнинг давомати бўйича жиддий камчиликларга йўл қўйиб келаётгани маълум бўлди.

Таъкидлаш жоизки, таълим-тарбия жараёнлари ва мактаб раҳбар-ходимларининг ўз вазифасига масъулиятсизлиги етмагандек, улар бугун соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан ҳам деярли бехабар. Негаки, улар жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, 6 ноябрь куни Президентимиз томонидан тасдиқланган фармон ва қарорларнинг мазмуни ҳақида етарли тушунчага эга эмас. Мактаб ўқитувчиларига намуна бўлиши лозим бўлган масъуллар бу ҳақда жўяли фикр ҳам билдира олишмади.

Мактабларда куз-қиш мавсуми олдидан етарлича тайёргарлик кўрилмаган ҳолатлар ҳам кузатилди. Ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг иссиқ кийимларда дарсда ўтирганини кўриш мумкин. Ҳожатхоналарнинг антисанитар ҳолатда эканлиги, мунтазам зарарсизлантирилмай келинаётгани киши таъбини хира қилади. Баъзиларида ҳожатхонага кириб-чиққан ўқувчиларнинг қўл ювиши учун шароит яратилмагани муассасада мана шундай оддий, аммо муҳим тарбияга, озодаликка лоқайдлик билан қаралаётганини кўрсатди. Қарийб бир йилдан буён ўқитувчиларнинг билими ва касбий маҳоратини ошириш бўйича “Устозлар беллашуви”ни ўтказишга оид қатор топшириқлар берилганига қарамасдан, аксарият мактабларда ушбу муҳим вазифанинг ижроси таъминланмаган.

Йиғилишда айрим халқ таълими ходимларининг шахсий манфаати, фойдасини кўзлаб давлат томонидан халқ таълими учун ажаратилаётган маблағларни талон-торож қилинаётган ҳолатларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Дарҳақиқат, жорий йилнинг 9–17 ноябрь кунлари Халқ таълими вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ вазирликнинг ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси вилоят ҳудудий назорат бўлими вакиллари томонидан Пайариқ туманидаги айрим мактабларда ўрганишлар олиб борилди. Ўрганиш натижалари бўйича 12 та йўналишда 1 миллиард 67 миллион 835 минг 500 сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Мазкур ҳолатларга тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилиб, камчиликларга йўл қўйган барча масъулларга тегишли чора берилиши маълум қилинди.

Шунингдек, йиғилишда масъулиясизлиги туфайли таълим сифати ва самарадорлигининг тушиб кетишига, мактаблардаги таълим-тарбия жараёнлари, ободонлаштириш ишларига лоқайдлик билан қараб келган 8 нафар мактаб директорларининг лавозимидан озод этилиши, 21 нафарига меҳнат қонунчилиги асосида “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилиши белгиланди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.