Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пайариқдаги паррандачилик фермаси биноси қарздорлик учун хатланган

Жорий йилнинг 21 октябрь Facebook ижтимоий тармоғида фуқаро У.Омонов томонидан жойлаштирилган хабарда Пайариқ туманидаги “Суюкли жавоҳирлар” фермер хўжалигига тегишли паррандачилик фермаси биноси сотувга қўйилгани ва ишлашга имкон берилмаётгани айтилади.

Ушбу мурожаатни ўрганиш жараёнида суд қарорига асосан қарздор А.Ҳайдаровдан ундирувчи Л.Ҳасанованинг фойдасига 46 миллион сўм қарз ундириш, ундирувни Пайариқ туманидаги “Суюкли жавоҳирлар” фермер хўжалигига тегишли бўлган паррандачилик фермаси биносига қаратиш белгиланган.

Суд қароридан норози бўлиб тарафлар томонидан келтирилган шикоятлар судлар томонидан бир неча марта кўриб чиқилган. Лекин суд қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Шу сабабли давлат ижрочиси томонидан паррандачилик фермаси биноси хатланган ва Самарқанд вилояти кўчмас мулк ва сармоялар агентлиги томонидан 143 миллион 251 минг сўмга баҳоланган.

Қарздор А.Ҳайдаровга паррандачилик биносининг сотувга чиқарилиши тўғрисидаги қарор 2018 йил 13 августда туман почта алоқа тармоғи орқали манзилига юборилган ва 2018 йил 27 сентябрда “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасига жойлаштирилган. Бу ҳақдаги хабарнома ҳам қарздор А.Ҳайдаровга почта алоқа хизмати орқали юборилган.

Мазкур бино иншоотлари ягона электрон савдо майдончаси орқали сотилмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 56-моддасига асосан парандачилик фермаси биносини қарз эвазига қабул қилиш юзасидан ундирувчи Л.Ҳасановага таклиф қилинган.

Ундирувчи Л.Ҳасанованинг таклифга розилик билдириб, фарқ суммасини Бюронинг Пайариқ тумани бўлими депозит ҳисоб рақамига тўлиқ тўлаганлиги боис ушбу кўчмас мулк биноси 2019 йил 8 май куни далолатнома орқали ундирувчи Л.Ҳасановага топширилган.

Пайариқ тумани маъмурий судининг 2019 йил 15 июндаги қарорига асосан давлат ижрочисининг “Сотилмаган кўчмас мулкни натура шаклида қарз эвазига ундирувчига топшириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қарори бекор қилинган.

Самарқанд вилояти маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 20 августдаги қарорига асосан Пайариқ тумани маъмурий судининг 2019 йил 15 июндаги ҳал қилув қарори ва хусусий ажрими бекор қилинганлиги маълум қилинади.

Мажбурий ижро бюроси.