Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Перунинг ҳудудий мэрларидан бири комендант соати қоидаларини бузиб, қўлга тушиб қолмаслик учун ўзини ўлганга солди

Перу ғарбида жойлашган Кастровиррейна вилояти туманларидан бирининг мэри мамлакатда коронавирус туфайли жорий этилган комендант соати қоидаларини бузиб, қўлга тушиб қолмаслик учун тобутнинг ичига кирди ва ўзини ўлганга солди. Бу ҳақда Comercio нашри хабар берди.

Тақдим этилган маълумотга кўра, туман раҳбари Тантана Хайме Роналдо Урбина Торрес кечки вақт ўз дўсти билан спиртли ичимлик ичиб ўтирган вақтда миллий полиция ходимлари келиб қолади. У полициячилар коронавирусдан вафот этган, деб ўйлашлари учун ёнида турган тобутга ётиб олади. Кейинчалик ОАВда Урбина Торреснинг тобут ичида ниқоб таққан ҳолда ётган сурати пайдо бўлди.

Бироқ полиция ходимларини алдашнинг иложи бўлмади. Жаноб Торрес ҳибсга олинди ва полиция маҳкамасига етказилди. Маълум қилинишича, полиция маҳкамасига келган мэр маст ҳолатда бўлган.