Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Профилактика инспектори уйининг балконига осилиб қолган болани сақлаб қолди

2020 йил 2 март куни соат 02:00 ларда профилактика инспектори, лейтенант Аббос Рўзиқулов ва профилактика катта инспектори, катта лейтенант Адҳам Пирназаровлар тунги навбатчилик вақтида ёш боланинг ёрдам сўраб бақирганлигини эшитишади ва овоз келаётган томонга қараб югуришади.

У ерга етиб боришганида, 4-5 ёшлар атрофидаги бола Жасорат кўчаси, 23-уйнинг 4-қавати балконидан осилиб турганди. Шундан сўнг профилактика инспектори Аббос Рўзиқулов Адхам Пирназаров ва инспектор ёрдамчиси Жўрабек Баракаевларнинг ёрдамига таяниб, 4-қаватга кўтарилади ҳамда 2014 йилда туғилган Р.К.ни қутқариб қолади. Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Арзимагандек кўринган мазкур ҳолат аслида мудҳиш якун топиши ҳам мумкин эди. Аммо ташкил этилган тунги навбатчилик ҳамда профилактика инспекторининг жонбозлиги туфайли бир инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинди.