Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қалбларда боғ яратмоқ илми

Бу қандай илм бўлди экан, деган савол дарҳол ўқувчи хаёлини эгаллайди. Ерга ниҳол қадаб, уни парвариш қилиб, соя-салқин, роҳатбахш боғ яратиш санъати боғбон маҳоратига боғлиқ. Худди шу маҳоратни инсон қалби муолажаларига тадбиқ этиб, қатқалоқ босган қалбларга боғ шукуҳини киритмоқ – фақатгина донишманд олим ва соҳирсўз шоиргагина муносиб. Сўзимизнинг исботини яқинда нашрдан чиққан Самарқанд давлат университети профессори, филология фанлари доктори, шоир Абдураҳим Соли ўғли Боғдонлининг “Менинг боғим” номли икки жилдлик асарлар тўплами (Тошкент, 2019 йил) мисолида топдик. Китобларни мутолаа қилар эканмиз, кўз ўнгимизда ҳаёт дарсларини мукаммал ўрганган тажрибали оқкўнгил инсон, илм хазинасига айланган ҳаким ва нуктасанж сўз заргари намоён бўлди.

Китобларнинг номиданоқ санъаткор шоир беғубор ёшлик чоғлари ўтган, киндик қони тўкилган она замини тароватини, боғу роғлари шукуҳини ўзининг қалби қасрига кўчирганлигини англамоқ мумкин. Фараҳли Боғдон – Боғдонлининг юрти, Боғдоннинг нақши – Боғдонлининг қалби. Шу қалб қаъридан отилиб чиққан мўъжизакор сўзлар эса – олим ва шоирнинг ўз тақдиридан розилиги, Яратганга шукронаси! Шеърият ҳақида ҳиссиз, ҳаяжонсиз, туйғу ва эҳтироссиз сўзламоқ мушкул. Чунки булоқ каби қалб қаъридан ёриб чиққан мавзун сўз фақат қалб хусусиятинигина ифода этади. Қалб эса ҳислар, самимий ихлос, кечинмалар қасри.

Китобларни варақлаймиз. Шоир сўзининг боши пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадиси шарифларига пайравлик билан очилади: “Ҳуббил-ватани минал-иймон”  (“Ватанни севмоқ иймондандир”) – “Дард кимни эзмайди, бедардлик ёмон, Майли, умрим борки, туяман дардинг. Эй, муқаддас она, жон Ўзбекистон, Сен – омон, мен – омон, кўзимда гардинг”. Яна: “Ал козибу ла уммати” (“Ёлғончи менинг умматим эмас”) – “Толеъдан сўз очмоқ одатдир бизга, Толеъ – нима ўзи, билмай ҳеч қачон. Ҳаммаси жойида, бир текис изда, Бахтим – толеим деб бердик ҳатто жон”. “Ҳақ назари: Ўзбекистон...” номли шеърида шоир ўзининг илҳом манбаи, илдизлари сув ичган дарёлар ҳақида аниқ ёзади:

Ҳақ дилимда бошладим сўз,

Муҳаммади расул деб.

Адолатга ташладим из,

Ҳақ яккаю, биз қул деб.

Аллоҳ шунда берди садо:

Шаҳдингдан қайтма, деди.

Хизмат элга этгин адо,

Аҳдингдан қайтма, деди.

Элга хизмат этмоқни, йиққан илми, ҳаётий тажрибаси, куч-қувватини ватани равнақи, жамияти фаровонлиги, ўсиб келган ёш авлод тарбиясига бағишламоқни шоир ўзи учун саодат деб билади. Аммо шоир учун саодат манбаи - меҳнат ва яна элга хизмат. Хизмат эса ихлос ва садоқат билан бажарилмоғи лозим. Сидқу ихлосдан бегона, лоқайд яшамоқ бахтсизликдир. Дил гавҳари дарддир. Аммо дардни ҳар ким ҳам дилига кирита олмайди:

Дилда дард бўлмаса, не ҳам ёзаман,

Дилда дард бўлмаса, йўлдан озаман.

Дард билан яшадим, кездим бир умр,

Дилимга дард ҳамроҳ, шукур, тозаман.

Дардли дил осонлик билан ўзидан қониқавермайди. Қониқиш ҳиссини қорни тўқлар, мансабни севувчи ва унга интилувчилар, бировга зулм қилиб роҳатланувчилар туядилар. Дардли дил меҳнатга интилади, яхшилик қилишга интилади:

Миллионлар ичра бир зарраман, холос,

Қилган ишим замонга қиламан қиёс.

Меҳнат, зафаримдан ёғса-да олқиш –

Кўнгил тўлмай дейман: хизмат қилдим оз.

Шоир шеърияти файласуфона. У ҳакимона фикр юритади. Ҳаётдаги ҳодисаларни қалби ойнаси орқали кўришга интилади, таҳлил қилади, мантиқ қидиради. Бунинг натижаси ўлароқ, кўп куйинишлар, ёниш ва ўртанишлардан кейин келадиган хулосалари ҳам фалсафий, суқротона:

Бахт деб интилади бир умр инсон,

Ҳар юмуш, курашда ахтарар бахтин.

Ҳатто тўшак узра бераётиб жон,

Бахтли қайта қурмоқ истар ҳаётин.

Шоир мушоҳадалари айниқса ҳаётида виждон кўчасидан ўтмаган, фирибгар-фитначи, ғаламис кимсалар ҳақида сўз юритилганда муросасиз бир оҳанг касб этади.

Юзинг ҳам, кўзинг ҳам, ўзинг ҳам фитна,

Бутун вужудинг-ла кўзинг ҳам фитна.

Бағрингда бир қора иллат яширин,

Ким сен-ла туз тотса, тузинг ҳам фитна.

Шоирнинг жаҳолат, нодонлик, баднафслик, нопокликка исёни шу даражадаки, у қалбидаги нафратини ифода этиш учун ҳаётдан, табиатдан фавқулодда бадиий тимсоллар, лавҳалар, ҳодисалар қидиради. Фикр-мушоҳадаларини оқлик ва қоралик дунёси вакиллари тимсолида баён этади. Шоир қоралик дунёси вакилларига нисбатан муросасиз. Уларни фақат инсоният душмани бўлмиш газандалар сифатида тасаввур этади:

Кобра тахт тебратар, кўринар бардам,

Атрофга аланглаб, ўзга берар зеб.

Илонлар кўпайди, бўлди жамул жам,

Бир-бирин эъзозлаш билади бурч деб.

Не-не режалар бор унинг ўйида,

Мансаб деб, неча бор чекканди азоб.

Ҳолсиз ётганида ёниб куйида,

Тахтни эгаллашлик кўринди сароб...

“Эҳ, бу олишувлар, юрак дабдала,

Ўзим кўрсатолсам, қувват тикланар.

Юракка, бил, малҳам, мустаҳкам қалъа –

Мансаб – бу орзуйим, ундан куч олар”.

Шундай хаёл сурди кобра бу кеча,

Ким менга хайрихоҳ, бирга жўшсам деб.

Эшиклар қолмади, кирди бир неча,

Ўзни маъқуллатсам, сўнгра қўшсам деб.

Ёмонмас, топилди қўлловчилар ҳам,

Асли уруғи ҳам эди – кам эмас.

Заҳрини таратса, қалбига малҳам,

Кобра кўкрак керар, энди ғам емас...

Аммо ҳаётий тажриба эгаси бўлган отахоннинг иймони комилки:

Қуёш қайта ёғду сочса-да, ҳамон

Бордир Ой юзида уятнинг доғи.

Кимки, кибру ҳаво унутса халқин

Халқи юз ўгирар – аён уёғи...

Шоир шеърияти жанрлари ранг-баранг: лирик шеърлар, ғазаллар, мувашшаҳлар, мухаммасу мусаддаслар, тўртлик ва рубоийлар, саккизликлар, достонлар. Айниқса, китобларга кирган достонлар шоир илмий салоҳияти, мушоҳада қудрати, бадиий сўз қўллаш маҳорати нуқтаи назаридан эътиборга молик. Достонларда шоир эътиқоди ўз аксини топган. У мутафаккир Ойбекни чуқур илм, юксак маданият ва буюк бир жасорат эгаси сифатида билади ва талқин этади. Шоир қалбида ўзбек халқига тақдирнинг туҳфаси бўлмиш бу инсонга нисбатан чуқур эҳтиром, муҳаббат ётади. У 1995 йилда ёзилган ўн беш бўлимдан иборат “Ёруғ кун кутиб” достонида мутафаккир олим ҳаётининг тарихий хроникасини беради, ижодий мероси қимматини белгилайди, унинг алғов-далғов замонда бошидан кечирган таҳликали кунлари, аламу изтиробларини тасвирлайди. Аммо Ойбек жасорати тарихий ҳақиқат ва ибрат бўларли иймон садоси:

Ҳаёт ўз кетидан эргаштирмади,

Ҳаётни йўлига сололди Ойбек.

Ҳақиқатни баъзан кўзга илмади,

Изм-измларда қололди Ойбек... 

 

Достоннинг кетидан бошланар достон,

Эркинликка ҳавас, куч бор дилида.

Қаҳрамонин танир жумлаи жаҳон,

Уларга ҳурмат бор ўсган элида...

Шоир даҳо Ойбек сиймосини жуда кўп юксак инсоний сифатлар, фазилатларга, шундай фазилатларга бой илмпарвар ва меҳнатсевар халқимизга қўйилган бир ҳайкал деб билади:

Бу – Ойбек, бу – Мусо Тошмуҳаммаддир,

Унинг шижоати минг арслонга тенг.

Бағри кенг, дўстга ҳам, душманга ҳам бир –

Нажот истаб келса бўла олган енг.  

Отахон шоир илҳоми куч олган, сув ичган булоқлардан яна бири – Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпондир. Китобдан ўрин олган “Ишончли нидо” шеъри 1997 йилда ёзилган. Шеърда Чўлпоннинг энг асосий ҳаётий маслаги – ватанга бўлган севгиси, ватан тақдири учун ғам-алам чеккани, миллат ғамида ёнгани ва охир-оқибат бу йўлда азиз жонини фидо қилганлиги тараннум этилади. Шоир наздида Чўлпоннинг ёт босқинчи устидан ғалабаси – унинг овозини баралла қўйиб ҳақиқатни айтишдан қўрқмаганидадир:

Изтироб-аламлар – ватан йўлида,

Уни озод кўрмоқ ишқида ёнди.

Яроқ бўлди қалам Чўлпон қўлида,

Дардини ошкора тўкишдан қонди.

Шоирнинг Чўлпон ижодига мафтунлиги баъзи шеърларида айнан намоён бўлади. У завқ билан айнан чўлпонона тилу равишда ёзади:

Мадҳингда йўғрилган шеърни тингладинг,

Эриб оққан юрак – эрни тингладинг,

Қуёш қулоқ тутиб, Ерни тингладинг,

“Англадим”, дединг сен, нени англадинг,

Наҳот ошиқ қалбни – мени англадинг.

 

Тангри, мададкорим бўлдинг бу сафар,

Ёр жилмай, жилмайиб турдинг бу сафар,

Жилганда жилинг деб кулдинг бу сафар,

“Англадим”, дединг сен, нени англадинг,

Наҳот ошиқ қалбни – мени англадинг...

Лирик шоирнинг севги-муҳаббат мавзусидаги шеърлари турли воқеа-ҳодисалар тафсилотлари билан боғлиқ сюжет чизиқларига ҳам эга. У севимли маҳбуба висоли ёхуд ҳижрони тасвирини ифодалар экан, қандайдир фавқулодда бир эпизод топади ва тасаввури оламини шу гўзал эпизод доирасида билан боғлайди. Шоир шунчаки ҳис-туйғулари ёки кечинмалари баёни билан чекланмайди. Унинг учун ошиқ қалбни жунбушга келтирган бирор воқеа ёки ҳодиса муҳим. Унинг мастона қалби қай тариқа бўлмасин, гўзалликдан завқлангач, шеър қалби қаъридан булоқдек отилиб чиқади. Китобларни варақлар экансиз, пок қалбли ошиқнинг ажойиб руҳий кечинмалари галереясида юргандек ҳис этасиз ўзингизни. “Дилга ҳамдам бўлди пайдо бир санам”, “Ошиқ кўнглим олди бугун жонона”, “Ёримнинг кулгичи бор”, “Сен мени йўқладинг”, “Нигоҳингни олиб қочмагин”, “Жафо олиб келдингми, санам” каби маржондек тизилган қатор назм дурдоналари шоир тизгинсиз тафаккурининг, ёрқин маҳоратининг тасдиғидир.

 “Қулинг ўргулсин палов дамлаган ошпазга шўрва қайнатиш нима бўлибти”, дейилганидек, китобида шоир ўзини ҳикоянавис ёзувчи сифатида ҳам намоён этади. Унинг “Оқибат”, “Садоқат”, “Энди йўлим билиб босаман”, “Холис ният”, “Ўкинч” каби турли йилларда ёзилган ҳикояларидан намуналар ва фалсафий мушоҳадалар асосида дунёга келган қатралар ижодкор қаламининг қудратидан гувоҳлик беради. Кичик бир мулоҳазадан туғилган қатра ўзида улкан ҳикмат ташигани ўқувчини ажаблантиради, ўйлантиради, фикр-мушоҳадага чорлайди: “Жоду: Ёғдуга маҳлиё бўлган киши, у билан кўпинча ёнма-ён юргувчи ва қофиядош сўз жодуни сезмай қолиши турган гап. Афсонавий Фарҳод ҳам шунинг қурбони бўлган”; “Шакар ширинлик ичида тотли, лекин таъми сал тахир бўлса ҳам асалга нима етсин”; “Меҳр-муҳаббатнинг беқиёслиги, мурувват туғдиради ҳар бир инсонда. Мурувватсиз инсонда муҳаббат қайда”.

Жаннатмисол Самарқанд бағрида Боғдон гўшасини яратиб, юраги боғлар шукуҳига тўлиб ҳаёт кечираётган қалби пок инсон Абдураҳим Соли ўғли Боғдонли бугун умрининг олтин кузи баракотидан баҳраманд ва сарбаланддир.

Дилором САЛОҲИЙ,

Самарқанд давлат университети профессори.