Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қамоқдан қочган ўта хавфли ўзбекистонлик жиноятчи Қирғизистонда ушланди

Қирғизистоннинг Баткент вилояти Қадамжой туманида муқаддам ватанида қотиллик ва номусга тегиш жиноятини содир этганлиги учун судланган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон Баткент вилояти ИИБ матбуот котиби Дамира Юсупова сўзларига таянган ҳолда хабар қилмоқда.

Баткент вилояти ИИБ матбуот котибининг сўзларига қараганда, эркак Тошкентда қилган жиноятлари учун жазога маҳкум қилинган. Бироқ 2010 йилда қамоқхонадан қочиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларидан яшириниб юрган. 2016 йилда қирғиз чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Қизил-Қия шаҳри ва Қадамжой туманида яшириниб юрган. У оила қуришга ва исмини ўзгартиришга улгурган.

36 ёшли ўзбекистонликнинг Қизил-Қия милиция ходимлари қўлга олишганини таъкидлашган. Тергов жараёнида унинг ҳақиқий исми ошкор бўлган. Иш материаллари Қирғизистон Республикаси миллий хавфсизлик қўмитасига топширилган.

“Қўлга олинган шахс устидан бир неча маҳаллий аҳоли томонидан шикоят келиб тушган. Эркак уларни 300 минг сомга (4311 доллар) алдаганини маълум қилишмоқда. Ҳозир суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, деган Баткент вилояти ИИБ матбуот котиби Дамира Юсупова.

Шунингдек, у қўлга олинган шахс ҳозирча Ўзбекистонга топширилмаганини қўшимча қилган.