Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қарнаблик қаҳрамонни танийсизми?

Қишлоғимиздан уч нафар Социалистик Меҳнат Қаҳрамони чиққанини билардим. Аммо уруш қаҳрамонига тенг орденлар эгаси борлигидан бехабар эдим. Навоийда яшовчи ҳамқишлоғим Шаҳло Нарзиева юборган ихчам маълумотни ўрганиш жараёнида қаҳрамонимизнинг қизи Сайёра, невараси Отабек билан суҳбатлашдим.

Барно Сулаймонов 1917 йилда Пахтачидаги Қарнаб қишлоғида туғилиб ўсган. У 22 ёшида ҳарбий хизматга қабул қилиниб, озроқ тайёргарликдан сўнг Совет-Фин урушида жангга кирди ва бутун умрини ҳарбий хизматга бағишлади. 1960 йилгача Ватандан ташқарида хизмат қилди. Шу сабабли қишлоқдошлари бу фидойи инсон ҳақида кўп билишмайди. Нафақага чиқиб, юртига қайтгандан сўнг ҳам Барно ака камтарона умр кечирди, хизматларини миннат қилишдан тийилди.

У иккинчи жаҳон урушининг илк кунлариданоқ фронтга жалб этилди. Жанубий-Ғарбий, Шимолий-Ғарбий ва Украина фронтларида жанг қилди. Миномётчилар ротаси, кейинчалик артиллерия батальонига бош бўлди. Днестр, Смоленск, Сталинград учун, Вена, Будапешт ва Прага шаҳарларини озод этишда қатнашди, жасорат кўрсатди.

Кейин совет-япон урушини якунлашга жалб этилди ва унда 1945 йил 2 сентябрь, яъни Квантун армияси мағлубиятга қадар иштирок этди.

Барно ака жанглар давомида бир неча бор яраланди, бир марта госпиталда даволаниб, яна сафга қайтди. Уч марта Қизил Юлдуз, бир марта Қизил Байроқ ордени, Прага, Будапешт ва Венани озод қилишда жанговар медаллар билан тақдирланган.

Унга Қизли Байроқ ордени беришга ёзилган тавсияномада қуйидагилар ёзилган: “Қўл автоматидан душман пулемётидан ўқ ёғилиб туришига  қарамасдан, батарея таркибини 200 метр наридаги душман таянч манзилига бошлаб борди ва ёвга қарши ўт очди, жонини таҳликага қўйиб, душман манзилига 50 метр қолгунча эмаклаб борди, фашистларнинг жойлашиши ва гавжум жойларини аниқлади. 15 нафар немис аскарини асир олди. Боши ва қўлидан яраланган бўлса-да, госпиталда ётишни рад этиб, жанг майдонида қолди. 1944 йил август”. Бу воқеа Литвада, Каунасга яқин ерда содир бўлган эди.

Б.Сулаймонов билимдон ва ташкилотчи, тажрибали зобит эди. Шу сабабли урушдан кейин ҳам хизматни Одердаги Франкфурт ва Потсдамдаги оккупацион манзилда хизматни давом эттирди. 1960 йилда подполковник унвони билан она Ватанига, Самарқандга қайтди. Кўп йил Самарқанд озиқ-овқат техникумида директор ўринбосари бўлиб ишлади.

Собиқ жангчи 2001 йилда 84 ёшида вафот этди ва Самарқандда дафн этилган.

Нусха хола Қарнабнинг оддий аёлларидан эди. Икки ўғил, икки қиз туққан. Лекин қизлари ёшига ҳам етмай нобуд бўлишди. Бунинг устига Сулаймон ака эрта оламдан ўтгач, икки ўғилнинг юки зиммасига тушди. Барно билан Амин бахтига оилапарвар чиқишди, онасига ёрдам бериб, ўзларини уддалашни ўрганишди. Фақат...

Икки ўғил бирин-кетин мактабни битириб аввал ўқишга, сўнг армияга кетгач, ҳайҳотдек ҳовлида онанинг ёлғиз ўзи қолди. Ҳайрият, яхши одамлар кўп экан, жиянлари, оғайнилари, қўшнилари ўз даврасига олишди.

Уруш бошланганда онанинг қалбига тушган ғулғула катта ўғли Барно 1949 йилда “уруш тугади, она, мен соғ-саломатман”, деган мактуб юборгандан сўнг сал таскин топди. Кўп ўтмай, кенжаси Амин урушдан қайтди ва узоқ йиллар миллий хавфсизслик хизматида ишлади. Ёши улуғлар Амин аканинг ниҳоятда адолатпарвар, одамохун эканини фахр билан гапиришади.

Барно Сулаймонов Самарқанд педагогика техникумида ўқиганда самарқандлик Фотима исмли қиз билан танишиб, кўнгил қўяди ва улар кейинчалик турмуш қуришади. Улардан икки нафар фарзанд бор. Баҳодир вилоятдаги тажрибали автомобиль муҳандисларидан эди. 70 ёшида оламдан ўтди. Сайёра опа эса ота-онасининг чироғини ёқиб ўтирибди.

Таклиф шундай: менимча бу икки ака-ука, айниқса, Барно Сулаймонов фаолияти, жамиятга мард икки ўғлон етиштириб берган она ҳаёти тўғрисида изланиш олиб борилиши ва китоб чоп этилиши зарур. Бундан ташқари, Қарнаб қишлоғидаги ўрта мактаб маънавият хонасида, туман халқ музейида, мактабида жангчининг бюсти ўрнатилиб, алоҳида бурчак ташкил этиш керак. Пахтачи зиёлилари бунга нима дер экан?

Фармон ТОШЕВ.